Ҳиндистонлик 6 яшар қиз ҳофизи Қуръон бўлди

Ҳиндистоннинг Карнаката штати пойтахти Бенгалуру шаҳрида яшаётган Руқайя Ҳандвал исмли қиз Довуди Бохрас жамоаси орасида Қурони Каримни ёд олган энг ёш қиз бўлди.

Унинг ёшидаги болалар жумлаларни ҳали равон тузишни тўлиқ ўрганмаган бир пайтда 6 яшар Руқайя Ҳандвал 604 саҳифалик Қуръони Каримнинг 30 порасини тўлиқ ёд олган.
Бангалор Миррор нашрига кўра, бу йил Бохрас Довуди жамоасидан 876 киши ҳофизи Қуръон бўлган.
Янги ўқув йилида 1-синфга боришга тайёргарлик кўраётган Руқайя ўз жамоаси орасида аллақачон машҳур бўлган.
Руқайянинг оиласи асли Ражастан шатидан бўлиб 12 йилдан бери Бенгалуруда яшаб келмоқда. Унинг отаси Муфаддал Ҳандвал IT соҳасида мутахассис бўлиб ишлайди. Руқайя оиладаги тўрт фарзанднинг иккинчиси. Унинг онаси Ҳадича ва опаси Ҳусайна ҳам Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган.
Руқайя Қуръонни ёд олишга ёшлик чоғида, асосан опаси Қуръонни ёд олаётган пайтда қизиқиш кўрсатган.
“Унинг ёшидаги болаларнинг бир жойда жимгина ўтириши амри маҳол. Бошида у кунига икки-уч қаторни ёд ола бошлаган. Аста-секин кунига ярим бетни кейинроқ бир бетни ёд оладиган бўлган. Вақт ўтган сари у Қуръонни етти ёки саккиз соатдан ўқиб ёд олган. Уч йил давомида Қуръонни тўлиқ ёд олишга муваффақ бўлган”, - дейди отаси Муфаддал.
Онаси Ҳадича ҳам ҳофизи Қуръон бўлгани қизларига ёдлаш усулларини ўргатишида ёрдам берган.
“Қуръонни ёд олиш уларга диққатни бир жойга жамлашига ёрдам беради. Ўз навбатида бу ҳаётдаги мақсадларига эришишда ёрдам беради”, - дейди онаси Ҳадича.
Бангалор Миррор нашрига кўра, Муфаддал асли Ражастон штатининг Дунгарпур шаҳридан. У Бенгалуру шаҳрига 12 йил муқаддам IT соҳасидаги ширкатда ўзига иш топганидан кейин кўчиб келган. Ўша пайтдан бери у рафиқаси ва тўрт фарзанди билан бирга Бенгалуруда яшаб келмоқда.

back to top