Туркия Сурия болаларига инсонпарварлик ёрдами кўрсатди

İMKANDER ташкилоти ходимлари Ал-Бобода 1500 нафар болаларга мева, шоколад ва ўйинчоқлар тарқатишди.

Туркиянинг «Инсон ва биродарликни ҳимоя қилиш уюшмаси» – İMKANDER Дамашқ чеккасидаги Шарқий Ғута шаҳридан эвакуация қилинган суриялик болаларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатди. İMKANDER ходимлари Суриянинг Ал-Бобо қочқинлар лагерларига жойлаштирилган 1500 нафар болаларга мева, шоколад, печенье, ва ўйинчоқлар тарқатдилар.
İMKANDER нинг Газиантепдаги вакили Саид Гокдере «Анадолу» агентлигига берган интервьюсида уюшма сурияликлар учун ёрдам беришда давом этишини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Шарқий Гутадан эвакуация қилинган Сурияликлар жуда оғир аҳволда, деярли барча болалар касал.
«İMKANDER ходимлари лагердагиларни иссиқ овқат билан таъминламоқда. Биз болаларга совғалар ва ширинликлар улашамиз. Болалар орасида шоколад ва бананларни биринчи марта татиб кўрганлар ҳам бор», деди Гекдере.
Унинг сўзларига кўра, икки кундан сўнг лагердаги 250 нафар болага янги пойафзаллар тарқатилади.

back to top