Индонезия: Ал-Азҳар шайхи ва хорижлик уламолар мўътадил Исломни дунёга ёйишни муҳокама қилмоқда
Индонезия президенти Жоко Видодо 1 май куни Мисрнинг Ал-Азҳар университети шайхи, аллома Аҳмад ал-Тоййибни қабул қилди. Мулоқот чоғида мўътадил Исломни дунёга ёйиш ва томонларни қизиқтирган бошқа масалалар муҳокама этилди.
Мазкур учрашув Индонезиянинг Богор шаҳридаги президент резиденциясида Дунё мусулмонлари уламолари ва Ислом дини олимлари ўртасида мўътадил Исломни дунёга ёйиш бўйича йиғилиш бошланиши арафасида бўлиб ўтди.
Дунё мамлакатларидан келган нуфузли уламолар қатнашаётган халқаро анжуманни аллома Аҳмад ал-Тоййиб ўзининг кириш нутқи билан очиб берди.
Президент Жоко Видодо 50 нафар индонезиялик ва 50 нафар хорижлик уламолар иштирок этаётган йиғилиш қатнашчиларини мўътадил Исломни дунёга ёйишда бирлашишга чақирди.
Индонезия президентининг Мулоқот, динлараро ҳамкорлик ва тамаддунлар масалалари бўйича махсус вакили Муҳаммад Шамсуддин мусулмон олимлар ва уламолар ўртасидаги уч кунлик маслаҳат йиғилишида иштирок этаётгани учун Ал-Азҳар университети шайхи, аллома Аҳмад ал-Тоййибга миннатдорлик билдирди.