Истанбулда Фаластин бўйича ИКТнинг фавқулодда саммити бошланди
Фаластин халқига бирдамлик изҳор қилиш, АҚШ элчихонасининг Қуддус шаҳрига кўчирилгани ҳамда 14 май куни Исроил ҳарбийлари ҳужуми оқибатида 60 дан зиёд фаластинлик нобуд бўлганини кескин қоралаш мақсадида Ислом конференцияси ташкилотига (ИКТ) аъзо давлат раҳбарлари 18 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрига йиғилди.
Туркиядаги ахборот воситалари хабарига кўра, ИКТнинг фавқулодда саммитида 40 дан ортиқ давлатдан президентлар, бош вазирлар ва ҳукуматнинг юқори лавозимли расмийлари иштирок этмоқда.
Фавқулодда саммитда қатнашаётганлар орасида Фаластин Бош вазири Рами Ҳамидуллоҳ, қибрислик турклар раҳбари Мустафо Акинчи, Эрон президенти Ҳасан Руҳоний, Қувайт Амири шайх Сабоҳ Ал-Аҳмад Ал-Жобир Ал-Сабоҳ, Иордания Қироли Абдуллоҳ ИИ, Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва Мавритания президенти Муҳаммад Валид Абдулазиз ҳам бор.
Мазкур фавқулодда саммит Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ИКТга аъзо давлатлар раҳбарлари билан сўнгги кунларда телефон орқали ўтказган қизғин сўзлашувлардан сўнг амалга ошмоқда.
Саммитда ИКТга аъзо 15 давлатнинг Ташқи ишлар вазирлари ҳам иштирок этмоқда.



