Миср президенти Рамазонда Рафаҳ чегара пунктини очишга буйруқ берди

Миср Президенти Абдулфаттоҳ Ал-Сиси Ғазо Сектори чегарасидаги Рафаҳ текширув пунктини муборак Рамазон ойи давомида очиш ҳақида буйруқ берди.

Ахборот агентликлари хабарига кўра, Ал-Сиси ўз қарорини 17 май куни тунда ўзининг Twitter саҳифаси орқали маълум қилган.

Рафаҳ текширув пункти 2013 йилдан бери бундай узоқ муддатга очилмаган эди.

Миср президенти чегара пунктини очишдан мақсад Ғазо Секторида яшайдиган мусулмонларнинг мушкулини енгил қилишдан иборат эканини билдирган.

Ҳозир Ғазо Секторида қарийб икки миллион фаластинлик истиқомат қилади.

14 май куни Исроил аскарлари АҚШ элчихонаси Қуддус шаҳрига кўчирилганига қарши Ғазо чегараси яқинида норозилик намойишига чиққан камида 60 нафар фаластинликни отиб ўлдирди.

1948 йилдан бери Исроил босиб олган Фаластин ҳудудидан 700 мингдан ортиқ фаластинлик зўравонлик билан ҳайдаб чиқарилган.

back to top