Болаларнинг масжидга бориши ноқонунийми?

Савол: Масжидларга ёш болаларни киритишмаяпти. Мактаб пайти ўқишдан чалғитади, дейишларини тушунса бўлади, аммо мактабдан сўнг ёки таътил вақтларида ҳам масжидларга милиция ходимлари томонидан киритилишига тўсқинлик бўлаяпти. Ёш болаларнинг масжидларга боришини тақиқлайдиган қонунлар борми?

Жавоб:

Вояга етмаганлар ҳам виждон эркинлиги ҳуқуқига эга

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 22-моддаси[*]га кўра, фуқаронинг муомала лаёқати у вояга етгач, яъни ўн саккиз ёшга тўлгач тўла ҳажмда вужудга келади. Демак, вояга етмаганлар деганда 18 ёшга тўлмаганлар назарда тутилади. Ёш болалар ҳам вояга етмаганлар таркибига киради. Вояга етмаган шахснинг физиологик, психологик жиҳатларини эътиборга олган ҳолда, уларнинг айрим ҳуқуқларини амалга оширишлари чекланиши мумкин. Чунки 18 ёшгача бўлган ўсмирларда ташқи таъсирга тез берилувчанлик ҳамда психологиясида турли ўзгаришлар содир бўлиш ҳоллари кузатилади. Одатда, бу ёшдаги ўсмирларниниг айрим ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини уларнинг ота-оналари, ёки ота-она ўрнини босувчи бошқа шахслар, агар вояга етмаган шахсга васий ёки ҳомий тайинланган бўлса, улар амалга оширади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси вояга етмаган шахснинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тегишли бўлган икки моддага эга. Конституциянинг 45-моддасига кўра, “Вояга етмаганлар, меҳнатга лаёқатсизлар ва ёлғиз кексаларнинг ҳуқуқлари давлат ҳимоясидадир” ва 64-модданинг биринчи қисмига кўра, “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”.

Вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини белгиловчи махсус қонун “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида”ги қонун бўлиб, ушбу қонундан берилган саволга тегишли бўлган айрим моддаларни келтиримиз.

Жумладан, мазкур қонуннинг 7-моддаси “Бола ҳуқуқларининг қонуний кафолатлари” деб номланади. Ушбу модданинг 4-қисмида “Бола ҳуқуқларини чекланиши мумкин эмас, қонунда белгиланган ҳоллар бундан мустасно”, дейилган. Шунингдек, ушбу қонуннинг 17-моддаси “Боланинг фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги” деб номланади. Мазкур моддада “Бола фикрлаш, сўз, виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга. Боланинг фикр юритиш ва уни ифодалаш эркинлиги қонунда белгиланган тартибда чекланиши мумкин”, деб ёзилади.

Боланинг масжидга бориши виждон ва эътоқод эркинлиги ҳисобланиб, демак, буни қонун йўли билан чеклаш мумкин эмас. Моддада боланинг фақат фикр юритиш ва уни ифодалаш ҳуқуқи қонунда белгиланган тартибда чекланиши мумкинлиги айтилган. Демак, қонун тўғридан тўғри боланинг фикр юритиш ва уни ифодалаш ҳуқуқини чеклаш ҳақида қоида белгилаган бўлсагина, бундай чеклашга йўл қўйилади. Масжидга ёки бошқа ибодатхоналарга бориш боланинг фикр юритиш ва уни ифодалаш ҳуқуқига эмас, балки виждон эркинлиги ҳуқуқи доирасига киради.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000-йил 21-сентябрдаги “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида, вояга етмаганлар ўртасида ҳуқуқий тарбиявий ишлар сусайтириб юборилганлиги, улар устидан бўлган назоратнинг бўшлиги, иш билан таъминлаш ва бошқа муаммолар қониқарли даражада ҳал этилмаётганлиги оқибатида кўплаб ёшлар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этиш, гиёҳвандлик ва ичкиликбозликка берилиш, динний ақидапарастлик ёки турли зарарли оқимлар, гуруҳлар таъсирига тушиб қолиш каби салбий ҳолатларни бартараф қилиш чораларини кўриш мақсадида вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги келтириб ўтилади.

Қарорда мазкур комиссия вояга етмаганларни зарарли диний оқимлар, гуруҳлар таъсирига тушмасликларининг олдини олиш учун ўз ваколатлари доирасида профилактик ишларни олиб бориши мумкинлиги белгиланган.

Диний ақидапарастлик ва зарарли оқимларга қўшилишнинг олдини олиш мақсадида вояга етмаганларни мажсидга киритмаслик комиссия ваколатлари доирасига киритилмаган. Зеро, бу, аввало, вояга етмаганларнинг виждон ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқини поймол қилган бўлади.

Болаларнинг масжидга боришини чекловчи ҳолатлар мавжуд

“Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълим тўғрисида”ги Низомга кўра, Ўзбекистон Республикасида ўқиш муддати 9 йил бўлган умумий ўрта таълим (мактабнинг И—ИХ синфлари) мажбурий ҳисобланади. У бошланғич таълимни (И—ИВ синфлар) қамраб олади ҳамда узлуксиз таълим тизимининг мустақил тури ҳисобланади. 9 йиллик таълим мажбурий бўлганлиги учун, шу ёшдаги ўқувчилар дарсларни узрсиз тарк этишлари мумкин эмас. Ўқувчининг дарс вақтида мактабни тарк этиб масжидга бориши мажбурий таълим талабларига зид бўлгани учун маъмурият томонидан тақиқланиши мумкин. Бу фақат дарс вақтига тааллуқли бўлиб, масжидга боришни бутунлай, яъни мактабдан ташқари пайтда ҳам тақиқлаш вояга етмаган шахсларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқини бузиш ҳисобланади.

Шунингдек, 9 йиллик ўрта таълимдан кейинги бошқа таълим турларида ҳам талабалардан ўқув юрти ички тартиб-низомларига итоат этиш талаб қилиниши мумкин. Бу низомларда талабаларнинг дарсларни узрсиз тарк этиши тақиқланиши табиий ҳол. Шу боис дарс пайти масжидларга қатнаш ушбу низом бандларига кўра мумкин эмаслиги келиб чиқади. Бу, қуйидаги сабабларга кўра, вояга етмаган шахсларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқининг поймол этилиши сифатида тушунилмаслиги керак.

Биринчидан, ўқув юрти низомларида болаларнинг масжид ёки бошқа ибодатхоналарга бориши бутунлай, ҳамма вақт учун тақиқланмаяпти. Дарс пайтидан ташқари талабаларнинг масжидларга боришига виждон эркинлиги ҳуқуқи доирасида рухсат берилади. Агар мактаб ёки бошқа олий ўқув юрти низомларида айнан масжидга бориш тақиқланади, деган алоҳида банд бўлса, буни виждон эркинлиги ҳуқуқининг поймол этилиши деб қабул қилиш мумкин ва унинг устидан юқори органларга шикоят қилиш лозим бўлади.

Иккинчидан, 9 йиллик мажбурий таълимдан ташқари бошқа юқори таълим тизимларида ўқиш ихтиёрий бўлиб, дарс вақтида узрсиз ўқув машғулотларини тарк этмаслликка ҳар бир талаба рози бўлиб ўқишга киради. Буни хоҳламаган талаба ўқишга киришдан олдин шу жиҳатларини ўйлаб сўнг қарор қилиши керак.

Дунёвий давлатда диний ҳуқуқлар қандай таъминланади?

Ўзбекистон Республикаси ўз конституциясига биноан, дунёвий давлат бўлиб, бу ерда дин ва давлат бир-биридан ажратилган. Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги Ислом динига эътиқод қилса ҳам, айрим байрамлардан ташқари, бошқа ибодатлар учун, масалан, ҳар ҳафта жума намози учун алоҳида дам олиш вақти ёки куни белгиланмаган. Айни пайтда, фуқаролар учун дин ва виждон эркинлиги тўла таъминланган. Қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, барча фуқаролар учун амал қиладиган айрим мажбурият ва бурчлар, агар диний ҳақ-ҳуқуқларга зид келса, давлат қонунлари устувор ҳисобланади. Бу нафақат Ўзбекистон учун, балки жаҳоннинг барча дунёвий ўлкаларида амал қиладиган қонуний принцип ҳисобланади. Масалан, дин ва виждон эркинлиги амалда тўла таъминланган АҚШ ёки Европа давлатларида ҳам, агар ибодат вақти ўқув машғулотлари ёки иш пайтига тўғри келса, ўқув низоми ёки иш шартномасида белгиланган қоидалар амал қилади. Талабалар ўқув юрти ёки дарсларни танлашда, ўз шахсий ҳаётидаги бошқа ишларига вақт бўлишини ҳисобга олиб режа тузади.

Иш вақтида масжидга бориш мумкинми?

Ишчилар ҳам меҳнат шартномаси тузишда иш берувчидан ибодат қилиш учун вақт сўраб, буни меҳнат шартномасига киритишни талаб қилишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 126-моддасига кўра, ходимга иш вақти давомида дам олиш вақти берилади ва дам олиш вақти — ходим меҳнат вазифаларини бажаришдан холи бўлган ва бундан у ўз ихтиёрига кўра фойдаланиши мумкин бўлган вақт ҳисобланади. Ходим иш берувчи билан келишган ҳолда шундай дам олиш вақтларида ибодат қилиш учун масжидга (Жума намозига) бориши мумкин. Бундан ташқари, ходимлар жамоаси касаба уюшмаси билан биргаликда ҳаракат қилиб, иш берувчи ва ходимлар ўртасида тузиладиган жамоа шартномасига ҳам шундай шартларни киритиши мумкин.

Хулоса

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларида вояга етмаганларнинг масжидларга боришини тақиқловчи норма ёки нормалар мавжуд эмас. Ўқувчи ва талабалар дарс пайтларидан ташқари бошқа пайтларда масжидларда бўлиши, ибодат қилиши, диний билимга эга бўлиши уларнинг узвий виждон эркинлиги ҳуқуқи ҳисобланади. Қолаверса, вояга етмаганлар дарсдан бўш пайтларида масжидларга якка ўзлари ёки ота-оналари билан бирга келиши мумкин. Ота-оналари билан масжидга келганда, вояга етмаганларнинг масжидга киришига тўсқинлик қилиш нафақат вояга етмаган шахсларнинг конституциявий ҳуқуқини поймол қилади, балки ота-онанинг фарзанд тарбияси устидан бўлган ҳуқуқини ҳам чеклаш ҳисобланади. Бундай пайтда ўқувчи ёки талабаларнинг масжидга масжид ходимлари ёки милиция ходимлари томонидан киритилмаслиги Конституцияга кўра ноқонуний ҳисобланади ва бундай шахслар устидан тўғридан тўғри прокуратура, суд органларига ёки тегишли тартибда юқори турувчи органларга шикоят қилиш мумкин.

Аммо, 9 йиллик мажбурий таълим даврида дарс вақтида ўқувчиларнинг машғулотларни узрсиз тарк этиши мумкин эмас. Демак, дарс пайтида ўқувчиларнинг масжидга бориши тақиқланиши мумкин. Дунёвий давлатда, қайси динга эътиқод қилишидан қатъи назар, барча фуқаролар бирдек амал қилиши талаб этиладиган айрим мажбурият ва бурчлар, агар айрим фуқароларнинг диний ҳақ-ҳуқуқларига зид келса, давлат қонунлари устувор ҳисобланади. Агар диний ҳуқуқни чекловчи бундай мажбуриятлар, қасддан, атайлаб ёки айнан виждон эркинлигини чеклаш мақсадига қаратилган бўлса, бундай мажбуриятлар конституцияга зиддир ва улар устидан тегишли юқори органларга шикоят қилиш лозим.

 

Манба: TASHABBUS 

https://www.facebook.com/notes/tashabbus/bolalarning-masjidga-borishi-noqonuniymi/978986465610822/

back to top