Соялар ортидаги тафаккур

Мустақил бўлдик!
Энди ўйлаб кўрсак, мустақиллик ошни еб, чойни ичиб ётиш эмас экан. Мустақиллик - масъулият экан. Биз буни энди тушундик. Афсуски, бошимиз деворга "тақ" этиб урилгандан сўнг тушундик. Хўш, нега шундай бўлди?
Бунинг асосий сабаби шу эдики, халқ фикр оладиган, маърифат оладиган манбалардан бироз узоқлашиб қолди. Деярли ҳаммамиз баб-баравар бозор иқтисодиётига шўнғидик. Энди дунёнинг барча завқ-шавқини бозор орқали кўра бошладик. Яшаш гўё ошқозондангина иборат бўлиб қолди. Ҳамма тошбақадек ўз косасига бекиниб, сен менга тегма, мен сенга тегмайман қабилида умргузаронлик бошланди.
Албатта, бу жараён ҳам табиий эди. Бу умргузаронлик очликдан эмас, эркин бозор, эркин иқтисодиёт қаршисидаги ҳаяжонланиш эди. Энди иқтисодиётнинг милиция қаршисида тиззаси қалтирамаслиги одамларни бозорга мафтун қилиб қўйганди.
Минг афсуски, кўп куттирмай бу "мафтункорлик"нинг бир ғалваси чиқди. Яъни, маънавий ҳаёт бозордан кейинги ўринга тушди. Натижада маънавий бўшлиқ пайдо бўлди. Ана энди девор ортида пайт пойлаётган даҳшатли вирусларнинг хуружи бошланди. Хўш, энди бу офатни қандай маҳв қилиш мумкин? Бу "касаллик'ни даволашнинг битта усули бор: бизга антибиотик фикр керак! Ғояга қарши ғоя керак. Бугун халққа фикр берадиган манбалар - ОАВ-нинг сони эмас, сифати керак. Бугун халққа кап-катта газеталарда кўтарилаётган "қишлоқ тўйларида ўртакашлар кўпайиб кетяпти" ёки "мен фалончини севиб қолувдим, у мени ташлаб кетди" сингари муаммолар эмас, "нима учун кеча биз билан ош еб ўтирган биродаримиз бугун тоғларда милтиқ кўтариб юрибди?" деган саволларнинг жавоби керак.
Мен юқорида одамлар сўнгги пайтларда маърифат оладиган манбалардан узоқлашиб қолганлигини айтдим. Чунки бугун мамлакатимизда энг нуфузли газеталарнинг адади ҳам 50 мингга етмайди. Одамлар эса газета-журналларга обуна бўлишмаяпти. Хўш, нега бугун матбуотнинг харидори кам?
Биз бу ҳолатни ҳар доим иқтисодий тақчилликка йўйиб келдик ва ҳануз шу фикрда собитмиз. Аслида унчалик эмас. Ахир биз 30-йилларнинг қонли қиличи соясида маҳалла - маҳалла бўлиб "Алпомиш"ни ўқиган халқмиз. Қолаверса, нима учун ҳар куни 200 сўмга сигарет олиб чекадиган одам шу зорманданинг ёнида турган 30 сўмлик(!) газетани олиб ўқимайди? Демак, бу одамнинг шу газетага битта сигаретчалик эҳтиёжи йўқ.
Рости, бизнинг бир гуруҳ зиёлиларимиз андак эҳтиросларга берилиб кетишди. Сўнгги йиларда матбуотимиз мустақилликка ҳамду санолар айтишдан нарига ўтмай қолди. Ва бу жараён ҳамон давом этмокда. Бугун инсоф билан айтганда, ўзбек матбуотидан бир-иккита информация олиш мумкин, холос. Саҳифалардаги бир-биридан фарқламайдиган сарлавҳали мақолаларни эса ҳеч ким ўқимайди. Бугун матбуотда фикр кам! Бори ҳам шу қадар бир-бирига ўхшашки, биз шу қадар бир ёқадан бош чиқариб фикрлаяпмизки, бу ҳолатни нима деб аташга ҳам ҳайронсан, киши. Бу бир хил либос кийган сийқа жумлалар галаси эса таҳририятма-таҳририят кўчиб юргани-юрган.
Олтинни қанча қўлда кўтариб юрсанг, шунча қадри кетади. Биз ана шу олтиндай ноёб туйғуларни, Озодликдек улуғ сўзларни бўлар-бўлмасга ёзавериб сийқалаштириб қўйдик. Истиқлолдек улуғ каломни ҳиссиз ва изтиробсиз бир жумлага айлантириб ташладик. Хатто шу даражага бордикки, мана оддий сурат тагига ёзилган сўзларни ўқиймиз: "Истиқлол замонасига минг шукрким, ватанимизда... нуроний отахон ва онахонларимиз жуда кўпчиликни ташкил қилади" ("Қишлоқ ҳаёти" газетаси, 19 октябрь).
Бугун миллий ғоя, миллий мафкура масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ана энди матбуотни кўрмайсизми! Мафкура сўзи шиорга айланиб кетди. Ҳар иккита жумланинг биттаси мафкура бўлиб қолди. Миллий мафкура керак, деб насиҳат қилган билан у шаклланиб қолмайди. Биз эса шу даражага бордикки, энди одаий актёрга ҳам шундай савол бера бошладик: "Миллий тарбия, миллий мафкура масаллари, умуман XXI аср Ўзбекистон ҳаётида театрнинг ўрнини қандай тасаввур қиласиз?" ("Maъpифaт" газетаси, 7 октябрь). Шу саволми? Савол бергувчи нималар деб алаҳсираяпти ўзи?
Бундай мисолларни бугун истаган газетадан изламасдан топиш мумкин. Матбуот ҳақидаги бу фикрлар республика телевидениеси ва радиоси учун ҳам бирдек тегишлидир. Айниқса, бугун бозор иқтисодиёти шароитида телевидение билан радиога чиқиб қўшиқ айтишдан осонроқ иш қолмади. Бунга фақат сизда истак бўлса бўлди. У ердан бир шингил, бу ердан бир шингил мусиқа ўғирлайсиз, тамом. Топилдиғингизга муносиб сўз ахтаришнинг ҳам кераги йўқ. Қарабсизки, сиз телевидениега, радиога, яъни улкан саҳналарга чиққан "санъаткорсиз".
Яхшилар, ахир бу бетакрор мумтоз санъатимизни, қолаверса, СЎЗдек улуғ неъматни хўрлаш эмасми?
Яқинда телевидениеда "Тоғлик куёв", "Тоҳир ва Зуҳра" каби фильмлар намойиш этилди. Мен бу фильмлар ҳақида ўзимга тегишли бир фикрни айтмоқчиман: келинглар, ҳеч бўлмаса ота-боболаримиздан мерос қолган минг йиллик анъаналаримизни ўз мезонларига солиб бунчалик бачканалаштирмайлик!
Яна бир гап. Сўнгги пайтларда бир-биридан бачкана, хусусий радиоканаллар "болалаб" кетяпти. Эртадан кечгача давом этадиган тутуруқсиз савол-жавоблар, куй-қўшиқлар ёшларимизни "гипноз" қилиб қўйганга ўхшайди. Бу ҳақда жиддий ўйлаб кўриш керак.
Умуман олганда, ҳақли бир савол туғилади: бугун журналистика тўртинчи ҳокимият бўлди. Яъни, ўз мақомини ўзгартирди. Хўш моҳиятини-чи? Менимча, моҳият деярли ўзгармади. Тўғри, бугунги журналист тил билиши мумкин, замонавий техника билан ишлашни билиши мумкин. Лекин бу журналистиканинг асоси эмас-ку!
Журналистиканинг асоси ёзишни билиш ва мавжуд воқеага - шароитга нисбатан ўз нуқтаи назаридан туриб фикр айта олишдир.
Дарҳақиқат, бугун мустақилликни мафкуравий ҳимоя қилиш зарурати пайдо бўлди. Чунки айни кунда дунёнинг энг хавфли қуроли ғоя бўлиб қолмокда. Бугун ғафлатда ётган одам дунё ўзгаришлари остида топталиб қоляпти. Энг ёмони, ана шу одамдан хоҳлаган шаклдаги қуролни "ясаб олиш” мумкин. Ва бундай хавфли қуролларни аллақачон кимлардир "ясаб олди" ва унинг кучини ўзимизга қарши синаб ҳам кўрди.
Шундай экан, бугун тафаккуримизни зиёдан тўсиб турган "булутлар"ни ҳайдашимиз керак. Ҳарқалай, бу булутдан оби раҳмат ёғмайди.
"Моҳият” газетаси, 2001 йил 5 январь