Матбуот - муқобилсиз куч

Матбуот - муқобилсиз куч

Дунё ўзгарди. У шу қадар ўзгардики, кўз ўнгимизда ҳеч нарса бу қадар ўзгармайди. Ахир бундан атиги йигирма йил илгари "Бир куни СССРдек мамлакат тариқдек сочилиб кетади" деган гап энг хаёлпараст одамнинг ҳам хаёлига йўламасди. "Берлин девори" бир куни дунёни ларзага солиб қулаб тушади, деган фикрдан аҳмоқнинг ҳам лабига учуқ тошарди. Аслида биз ўша хаёл суриб, лабимизга учуқ тошиб юрган замонларда, наздимизда мангу барқарор турадиган Қизил империянинг суроби тўғриланиб, "Берлин девори"га дарз кетаётган экан, Орадан кўп ўтмай Қизил империянинг ўлиши” ҳақида хаёл суриш мумкин бўлиб қолди. "Берлин девори" даги дарз эса узоқ-узоқлардан ҳам кўрина бошлади.

    Ўша долғали йилларда тилимиз тагида маддалаб ётган гаплар бош кўтара бошлаган эди. Бу ҳолатни кўпчилик "тепа"дан берилган ошкораликнинг мўъжизаси деб қабул қилди. Аслида бугун тарихни варақлаб чиққан киши шу нарсага амин бўладики, бу мўъжиза эмасди. Бу - етилиб келган ВАЗИЯТ эди. Бунинг учун Горбачёвга раҳмат айтишнинг ҳожати йўқ. Чунки Горбачёв "марҳамат, гапир" дегани билан нимани гапиришни ҳам билиш керак эди. Одамларнинг кўпчилиги эса нимани гапиришни яхши биларди. Улар бу журъатни ғойибдан олмаган эдилар. Аксинча, мавжуд оғир ижтимоии-сиёсии вазиятнинг йиллар давомида берган маҳсули эди бу журъат. Ким билсин, эҳтимол собиқ ҳукумат ўзини Ғарбга демократ қилиб кўрсатиш учун берган озгина имконият бу даражада халқнинг аянчли ҳаёт тарзини очиб ташлашига ишонмаган чиқар. Айниқса, фикр ҳуррияти - "қизиллар"нинг ҳар қандай хавфли қуролидан-да кучлироқ эканини кутмагандир.
    Собиқ иттифоқнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида ана шундай инқилобий жараённи кучайтираётган бир манба бор эди. Бу - матбуот эди. Матбуот жамиятда муқобилсиз куч эканлигни ана шундай долғали йилларда яна бир карра намоён қилганди. Бу куч йиллар давомида айиқдек панжасини сўриб ухлаб ётганларнинг тинчини буза бошлаган эди. Оддий биз мактаб ўқувчилари газета, журнал саҳифаларида "Ўрта Осиё Россияга ўз ихтиёри билан қўшилган"лигини инкор қилувчи қатор мақолаларни ўқий бошлагандик. Албатта, бу фикрларни дастлаб тарих ўқитувчимиз сафсатага чиқарди. Аммо бу хил "сафсаталар" кундан-кун шундай кўпайиб бордики, натижада бир-икки ўқувчи ўша тарих ўқитувчисига бир саволни беришдан ўзларини тия олмай қолдилар: "Тарихда бирон давлат, бирон миллат ўз ихтиёри билан бошқа бир давлатга қўшилиб, қарам бўлганми?"
    Бу савол уйғонишнинг ибтидоси эди. Вақт ўтган сари бу хил саволлар улканлаша борди. У шу қадар улканлашдики, унинг ҳайбатидан мудраб ётган идрокларимиз мутлақо уйғона бошлади. Биз ўзимизни таний бошладик. Аввал қарашларимиз мустақил бўлди. Сўнгра давлат мустақиллигига эришдик. Шунинг учун ҳам мустақилликни эълон қилганимизда: "Энди иттифоқсиз нима қиламиз?" деган саволларга деярли рўбарў бўлмаган эдик. Чунки халқнинг фикри ана шу жаҳоншумул воқеага тайёр эди. Маҳаллий матбуот халқдаги бу фикрни имкон қадар шакллантира олганди.
    Бу жараёндан бир хулоса қилиш мумкин. Ҳар қандай жамиятда матбуотнинг муқобили йўқ. Матбуотчалик халқни фикрлашга ундайдиган восита йўқ.

Алишер Назар

back to top