Вашингтон пост: “Ғарбнинг Исломга бўлган муносабатини ўзгартириш лозим”

Американинг “Вашингтон пост” газетаси ўз нашрларида: “Ғарб олами Ислом динига нисбатан янгича муносабатда бўлиши лозим”, деди. Газетада айтилишича, аслида муаммо Ислом динида эмас, балки, диндан ўзининг турли мақсадлари ва ғаразлари йўлида фойдаланувчиларда, ваҳоланки дин уларнинг даъволаридан холи. Барча мулулмонларни радикалликда айблаш нотўғри. Хусусан, охирги Бостон воқеаларидан келиб чиқиб, мусулмонлар оммаси зулм, террор, куч ишлатиш каби ғоялар билан боғлиқ дейиш хато ва мақсадга мувофиқ эмас. Газета муайян якка шаклдаги воқеа ҳодисалардан хулоса қилиб, Ислом дини ва омма мусулмонлар ҳақида қарор қабул қилмасликка чақирди. Чунки, баъзи мазҳаб, йўналишлар ва фикрлар бир жиҳатдан Исломнинг асосий қоидаларида ҳамфикр бўлсаларда, лекин бошқа жиҳатдан унинг татбиқи, талқини масаласида турлича қарашга эгадирлар.
Шунингдек, газета ҳозирги кунда сонлари бир ярим миллиарддан ошадиган мусулмонлар ичида фикрлар хилма хиллиги борлиги, бу хилма хилликни инкор қилиб ё уни бир четга қўйиб, хулоса қилишдан огоҳлантирди.
Вашингтон пост муайян воқеа ҳодисалар ортида кимлар ва нима мақсадлар ётганини билмай туриб, Ислом динига қарши ҳужум қилаётган ва уни ёмон кўрсатишга уринаётган қатор Ғарб ОАВ ни танқид қилди.
Айтиб ўтиш лозимки, ОАВ нинг Ислом ва мусулмонларни ёмон кўрсатишга қаратилган ишлари сабабли қатор Ғарб мамлакатлари ва хусусан АҚШ да кўп сонли мусулмонлар турли тазйиқларга учрамоқдалар.