Сиёсий можаролар Обаманинг обрўсига путур етказди

Сиёсий можаролар Обаманинг обрўсига путур етказди

Барак Обаманинг иккинчи президентлик муддатига сайланганига яқинда ярим йил тўлади. Шу ўтган муддат ичида президент идораси бир неча сиёсий машмашага юз тутди. Натижада Обамага билдирилган улкан ишонч ва халқдаги орзу-умидларга дарз кетгандек бўлди.

Сўнгги кунларда Обама, асосан, ўзини ҳимоя қилаётгандек гапиряпти. Айниқса, фуқароларнинг телефон қўнғироқларини кузатган махфий дастур ошкор бўлгач, президентга нисбатан танқидлар кучайди.
 
Обамадан ҳатто Европа сафарида ҳам шу ҳақда сўрашди.
 
“Мувозанатни сақлаб, одамларимиз хавфсизлигини таъминлашга қодирмиз. Бунга ишончим комил. Айни пайтда интернет асрида ҳам фуқаролар эркинлигини сақлаб қоламиз”, - деди Обама.
 
Хавфсизлик важидан фуқароларнинг қўнғироқлари ва интернетдаги мулоқотлари кузатилган. Бу ошкор бўлгач, Обаманинг таъбини тирриқ қилган катта машмаша бошланиб кетди.
 
Бу пайт маъмурият ҳали солиқ идорасига боғлиқ айбловлардан кутилмаган эди. Консерватив гуруҳларнинг айтишича, ҳукуматнинг солиқ идораси уларнинг нотижорат ташкилотларини сиёсий жиҳатдан мухолиф бўлгани учун алоҳида текширувдан ўтказган. Шунингдек, республикачилар Обама маъмуриятини Бинғозида элчи ўлимига сабаб бўлган зўравонликнинг олдини ололмаганликда ҳам айблайди.
 
Республикачи сенатор Тед Круз ҳукуматнинг ашаддий танқидчиларидан.
 
“Бу очиқдан очиқ мансабни суиистеъмол қилиш. Обама ўз ваколатларидан масъулиятсизларча фойдаланиб, Америка халқини алдашда давом этаётганидан далолат”, - дейди у.
 
Таҳлилчи Стюарт Розенбергнинг айтишича, сиёсий можаролар сабаб Обаманинг муҳим масалалар билан шуғулланишга вақти қолмаяпти.

“Оммавий ахборот воситаларининг ҳам мавзуга ёндашуви ўзгарди. Улар ҳозир Оқ Уй нималарни билган, ҳукумат нима қилган, деб сўраяпти. Ҳукумат ҳаддидан ошяптими? Хавфли ишлар билан бандми? Бу эса айнан республикачилар хоҳлаган нарсанинг ўзи. Назаримда, президент жиддий муаммо билан юзлашган. У шу муаммолар билан ўралашиб қоляпти. Бу эса республикачиларга танқидни кучайтириш учун имконият яратяпти”, - дейди таҳлилчи.
 
Яна унинг айтишича, кўплаб президентлар иккинчи муддат давомида шундай муаммоларга дуч келади.
 
“Қандайдир сиёсий толиқиш кузатилмоқда. Бу нарса бир партия 8 йил Оқ уйни бошқарганда кузатиладиган ҳолат”, - дейди у.
 
Сиёсий можаролар Вашингтондаги партиялар ўртасидаги бўлинишни янада кенгайтирди. Обаманинг Конгрессга ўз сўзини ўтказиши ҳар қачонгидан ҳам қийинлашган.
 
Сиёсий тадқиқотчи Жон Фортиер фикрича, иккинчи муддатга сайланган президентлар кўпроқ ташқи сиёсатга урғу беради, чунки ички масалаларда уларнинг таъсир доираси тораяди.
 
“Сиз, кўпинча, иккинчи муддат даврида, президентларнинг ташқи сиёсатга эътиборни кучайтирганига гувоҳ бўласиз. Чунки Конгресс, одатда, иккинчи партиянинг қўлида бўлади. Шунинг учун улар ички сиёсатда ўз мақсадларини амалга ошириши қийин бўлади. Шунингдек, бу президентларнинг халқаро саҳнада ҳам тажрибаси ошганидан далолат”, - дейди Фортиер.
 
Сиёсий ғалвалар Обаманинг обрўсига путур етказмоқда. Сўнгги сўровларнинг кўрсатишича, америкаликларнинг президентга бўлган ишончи саккиз фоизга камайган.

Манба: Amerikaovozi

back to top