Порталимизда янги сайт очилди (s-port.uz)

Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган чексиз неъматларидан бири мукаммал ва гўзал жисм, соғлом ва баркамол танадир. Уни яхши парвариш қилган инсоннинг умри узоқ, тани соғ бўлади, берилган неъматни уни берган Зотнинг розилиги йўлида тасарруф қилиши осон бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Кучли мўмин кучсиз мўминдан афзалдир», деганлар.
Инсон танасини кучли, кўркам ва саломат сақлашнинг энг мақбул йўлларидан бири спортдир. Спорт бугунги кунда нафақат куч ва тезлик, сабр ва ирода машқлари, балки ўз халқи, миллати, Ватанининг шон-шуҳратини, нуфузини ҳимоя қилишнинг энг яхши воситаларидан бирига айланди. Шундай экан, Ватанимизда ва бутун дунёда спорт соҳасида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни тезкор ва холис ёритувчи сайт очиб, ўзбекзабон интернет фойдаланувчиларига қизиқарли, мазмунли маълумотларни бери бориш анчадан буён режалаштириб келинаётган эди.
Ислом.уз портали муборак Рамазон ойида мухлисларимизга яхши ҳадялар тортиқ қилиш анъанасига содиқ қолган ҳолда, сиз азизларга s-port.uz сайти очилганини маълум қилади. Марҳамат, s-port.uz сайтига ташриф буюриб, спорт оламига оид янгиликлар, таҳлилий мақолалар ва бошқа турли медиамаълумотлардан баҳраманд бўлинг.
Аллоҳ таоло мазкур сайтимизда халқимизни, ватандошларимизни ва бутун дунё мусулмон аҳлини фақат мамнун қиладиган, спортчиларимизнинг ғалабалари ҳақида ҳикоя қиладиган янгиликлар бериб боришимизни насиб қилсин, омин.



