Ислом давлатлари БМТдан ҳам кўп хайрия қилишади
Малайзия халқаро Ислом университети қошидаги Ислом иқтисодиёти марказининг мудири доктор Муҳаммад Ислом Ҳунайф берган маълумотларига кўра, дунёдаги камбағал ва бева-бечораларга Ислом давлатлари томонидан тақдим этиладиган ёрдамлар Бирлашган миллатлар ташкилоти тақдим этадиган ёрдамлардан бир неча баробар кўп. Доктор Муҳаммад Ҳунуйф бу фикрни ўзида мавжуд изланишлар ва статистик тўпламлардан хулоса қилиб айтганини таъкидлади. Унга кўра, Ислом давлатлари тақдим этадиган беғараз ёрдамлар БМТ тақдим этадиган ёрдамлардан 15 баробар кўп.
Унинг таъкидлашича, Туркиянинг Истанбул шаҳрида ўтказилган Ислом иқтисоди ва молиялаштириш тўққизинчи халқаро конференциясида баҳс қилинган муҳим мавзулардан бири ҳам Ислом молиялаштириш тизимининг роли ҳақида эди. Бу каби молиялаштириш ишлари Ислом давлатларида оддий нодавлат ташкилотлар томонидан ҳам кенг кўламда амалга оширилади, аммо бу ишларнинг биронтаси расмий равишда рўйхатга олинмайди ва эълон қилинмайди.
Ўтган конференция фаолиятига тўхталиб, доктор Муҳаммад яна қуйидагиларни қўшимча қилди. Конференциянинг биринчи йиғилишларида “Ислом олами конференцияси” ташкилоти фаолиятини қўллаб-қувватлаш йўлидаги Ислом молиялаштириш тизимининг роли ҳақида бир қанча баҳс ва рисолалар тақдим этилди. Шунингдек, турли Ислом ўлкаларида камбағалларга ёрдам бериш, иқтисодий жараённи жадаллаштиришни молиялаштиришда закот ва вақфнинг аҳамияти борасида ҳам кўпгина фикрлар билдирилди ва хулосалар қилинди. Ҳозирда ташкилот бу фикр ва хулосаларни амалиётга татбиқ қилиш устида иш олиб бормоқда.



