Таъзия изҳор қиламиз
«Биз фақат Аллоҳникимиз ва албата У Зотга қайтамиз».
Динимиз ходимларидан, халқимизга беминнат хизмат қилиб келаётган ёш олимларимиздан бири, Тошкент шаҳри «Новза» жоме масжиди имом-хатиби, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти Таҳфизул-Қуръон бўлими мудири Жалолиддин домла Хамрақулов ҳамда у кишининг оила-аъзолари ва қариндошларига волида меҳрибонлари Ўктамхон ҳожи онанинг вафотлари муносабати билан сайтимиз ходимлари ва барча яқинлар номидан чуқур таъзия изоҳор этамиз. Аллоҳ таоло ҳожи онамизни ғариқи раҳмат этиб, жойларини жаннатдан қилсин!
Марҳума Ўктамхон Муҳаммад халфа бува қизи 1930 йилда ҳозирги Наманган вилоятига қарашли Хақлобод тумани Тегирмонбоши қишлоғида илм-маърифтали оилада таваллуд топдилар. Оталари Муҳаммад халфа бува ўз уруғининг раиси эди. У киши илм шайдоси бўлгани учун ўз қизини ўша даврда кўзга кўринган аҳли илмлардан бири, асли Тошкентлик Хамроҳқул қори домла ўғли Хайдар Алийга турмушга беради.
Ўктмахон она дин-диёнатда, иймон-эътиқодда мустаҳкам, меҳнаткаш аёл эдилар. Турмуш ўртоқлари Хайдар Алийга бир умр вафо билан хизмат қилдилар. Бу бахтиёр оилага Аллоҳ олти ўғил, уч қиз фарзанд ато этди. Уларни дин-диёнатли, илм-маърифатли инсонлар қилиб тарбиялашда оқила аёл – Ўктамхон ҳожи онанинг хизматлари катта бўлди. Ҳожи она 1998 йили турмуш ўртоқлари Хайдар Алий ота вафотларидан сўнг оиланинг ҳам отаси, ҳам онаси бўлиб, фарзанд-набиралар тарбиясига бош-қош бўлдилар.
Ўктмахон ҳожи она тоат-ибодат билан, зикру тасбеҳ билан умр ўтказдилар. Бу неъмат у кишига охирги нафасларигача ҳамроҳ бўлди. Фарзандларининг гувоҳлик беришларича, Ҳожи она ҳар куни эрталабда келин-қизлар билан ўтириб, биргаликда 1000 бора таҳлил айтишни ўзларига вазифа қилиб олган эканлар. Кеча 26 сентябр пайшанба куни ҳам одатдаги вирдларини адо этаётган эканлар, беҳосдан кўзлари илингандек бўлиб, ўзларидан кетиб қолибдилар. Ёнларидаги келин-қизлари аввалига у кишини ухлаб қолдилар деб гумон қилишибди. Яхшироқ қарашса, онаи зор таҳлил айтганча мангу уйқуга кетган эканлар.
Ҳожи онанинг жанозаларига атроф-жавонибдан аҳли илмлар, ҳофизи Қуръонлар, аҳли фазл инсонлар, кўнгил яқин кишилар ташриф буюришди. Хусусан, устоз, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам қатнашдилар. Жаноза Хақлобод жомесида аср намозидан кейин ўқилди. Жаноза намози олдидан Шайх ҳазратлари мусибат аҳлларига ўз таъзияларини изҳор қилдилар. Суҳбат асносида марҳума онанинг фазилатларини айтар эканлар, ушбу оила фарзандларининг нафақат иймон-эътиқодли, балки илм-маърифатли, дин-диёнат ходимлари бўлишлари бевосита Ҳожи онанинг хизматларининг самараси эканини таъкидладилар. Хусусан, ўғилларидан бири Камолиддин домла ҳозирда Хақлобод марказий жоме масжиди имом-хатиби ва айни вақтда Норин тумани бош имоми вазифасини адо этаётганлари, кенжа ўғиллари Жалолиддин домла эса бугунги кунда дин-диёнатимиз, хусусан Қуръони Карим хизматида камарбаста бўлиб турган фаол имом домлаларимиздан бири ўлароқ кўпчиликнинг дуою олқишларига савзовор бўлаётганларини алоҳида эслаб ўтдилар.
Аллоҳ таоло марҳума онамизни Ўз раҳматига олиб, қилган яхши амалларини ўзларига ҳамроҳ қилсин ва у кишининг вафотлари муносабати билан мусибатга учраган барча азизларимизга Аллоҳ Ўзи сабри жамил ва ажри азимлар ато этсин, йўқотганларининг ўрнини зиёдаси билан тўлдирсин!
Ислом.Уз жамоаси



