500 йиллик Каъба ёпинчиғининг лазер нури ёрдамидаги махсус таъмири

Бундан 500 йил муқаддам Султон Салим томонидан Истанбулдаги Улуғ жомеъга тақдим этилган муқаддас омонатлар (табаррук ашёлар) орасида бўлган Каъба эшигининг ёпинчиғи реставрация (қайта таъмирлаш)дан ўтказилмоқда.
Каъбанинг ушбу “эшик ёпинчиғи” махсус лазер нурлари орқали қайта тозаланиб, маълум ҳароратда ушлаб туриладиган кўргазма залида кенг оммага намойиш этилади. Ушбу реставрация ишлари натижасида кўп йиллар мобайнида анча эскирган ёпинчиқ қайта тикланади ва имкон қадар путур етказилмасдан тозаланади.
Реставрация ва қайта тиклаш бўйича мутахассис Левент Инан берган суҳбатида ҳақиқатан ушбу ёпинчиқнинг асрлар давомида бирмунча “чанг босганини” таъкидлаб ўтди.
Тахминан 4 метрга 4 метр ҳажмдаги ёпинчиққа доир олиб борган фаолияти давомида бир қанча муҳим жиҳатларга дуч келган Левент бундай дейди:
“Бу ижод маҳсулининг аслида мамлук (Мисрда ҳукмронлик қилган салтанат) асари эканлиги, 1517 йили халифалик томонидан мамлуклар мағлуб этилгач, олиниб Каъбага ёпилган биринчи Усмонли асари эканлиги аниқланди. Жумладан, бу ёпинчиқнинг маданий ижод маҳсули эканлиги ҳам маълум бўлди. Шу боис бу ҳам тарихий, ҳам маданий жиҳатдан ниҳоятда муҳим асар ҳисобланади.
Биз лазер нурлари ёрдамида ёпинчиқ устидаги кирларни ва чанг-ғуборларни (буғга айлантириш орқали) йўқотдик. Ва иложи борича камроқ таъсир қилиш орқали илгариги ҳолатига келтириш учун кенг миқёсда фаолият олиб бордик. Кўп қисми эскириб, юлиниб кетадиган ҳолатга келиб қолганлиги боис ёпинчиқ тагига қўшимча матолар ҳам илова қилдик.
Тақрибан 6 ойда бу ишимизни тамомладик. Айни дамда асаримиз намойиш қилишга тайёр вазиятда.
Ҳам кўҳна, ҳам ноёб асар бўлганлиги боис бу ёпинчиқ музейчилик соҳасидаги юқори технологиялар ва энг нодир ускуналар ўрнатилган кўргазма залида ҳавола қилиниши мақсадга мувофиқ. ИншаАллоҳ, мана шу талабларга жавоб бера оладиган залимиз тайёр бўлиши билан кўргазмамизни бошлаш ниятидамиз”.
Ипак ва бахмал атласдан, ҳамда кумуш устидан олтин безак берилган ёпинчиқнинг орқа қисми қизил ва яшил атлас астар билан қопланган.
Бир йил мобайнида Каъбаи Муаззама эшигининг ёпинчиғи вазифасини ўтаган, кейинчалик эса Улуғ жомеъга келтирилган мазкур асарда Усмонли давлати томонидан илова қилинган ёзувлар ҳам мавжуд.
timeturk.com
Энг ожиз банда таржимаси