Етти турли маданиятнинг излари бор жомеъ масжид

Етти турли маданиятнинг излари бор жомеъ масжид

Уммон давлатининг пойтахти Мускатдаги Султон Қобус жомеъ масжиди ҳажми, кўркамлиги, афзалликлари ва меъморий жиҳатлардан эътиборни тортади. Яқин Шарқдаги энг катта масжидлардан бири дея эътироф этилган мазкур жомеъда етти турли маданиятнинг изларини кўриш мумкин.

1970 йили отаси Султон Саъид ибн Таймурнинг ўрнига тахтга ўтирган Уммон султони Қобус ибн Саъиднинг онаси учун қурдирган муҳташам масжиди техник қулайликлари ва қурилишидаги ўзгачаликлари томонидан кўз қувонтиради.

Тўққизта лойиҳа қатнашган мусобақада ғолибликни қўлга киритган меъмор Муҳаммад Солиҳ Маккийнинг лойиҳаси бўйича қурилиши бошланган масжид 1995 йили пойдевори қаланиб, 2001 йилнинг март ойида ниҳоясига етказилган.

Умумий ҳажми 40 гектар жойни эгаллаган жомеъ масжиднинг ичида бир вақтнинг ўзида 7500, ташқаридаги ва ичкаридаги ҳовлиларни ҳам қўшиб ҳисоблаганда эса 20 мингга яқин намозхон намоз ўқиши мумкин. 

Жомеъда Ислом маданияти ва тараққиётига доир тахминан 20 мингта китоби бўлган кутубхона ҳам мавжуд.

Масжид миноралари Исломнинг 5 шартини билдириб туради. Зеъро, ҳовлининг ўрта қисмида жойлашган ва баландлиги 91,5 метр бўлган бир минора, ҳамда атрофида яна 4 та минора бунинг нишонасидир. 

Бир қарашда “Маданият харитаси” деб номлаш мумкин бўлган ушбу масжид ичига 21 тоннали, 1 миллион 700 минг тугун (боғлама)ли яхлит гилам тўшалган. Гиламни лойиҳалаштириш ва махсус тўқиш ускуналари танлаш учун деярли бир неча ой кетганлиги, ҳамда иш мобайнида 600 нафар тўқимачи аёл, 15 нафар соҳа мутахассисларининг иштирок этганлиги таъкидланган.

Ердан 50 метрлар юқорида осиғлиқ улкан кристалл қандилда 1.122 та чироқ (лампочка) бўлиб; аёллар хонасидаги 9 та қандилнинг эса Усмонли тарзига хос, турк кристаллари билан безатилганлиги эътиборни тортади.

Ўзаро уйғунлиги билан Уммон Султонлигининг кўркига янада кўрк қўшиб турган ушбу жомеъ масжидда жумладан Араб, Византия, Усмонли, Мамлук, Миср, Месопотамия ва Ҳинд маданиятларидан ҳам алоҳида белгиларни учратиш мумкин.

timeturk.com
Энг ожиз банда таржимаси

back to top