Доктор Абдулкарим Зайдон вафот этди

Кеча душанба куни Яман пойтахти Санъо шаҳрида Аллома доктор Абдулкарим Зайдон 97 ёшда вафот этгани эълон қилинди. Доктор Абдулкарим Зайдон ироқлик сунний олим, етук Ислом мутафаккири, даъватчи, Усулул-фиқҳ ва Ислом шариъати фанларининг мутахассиси эди.
Доктор Абдулкарим Зайдон 1917 йил Бағдодда таваллуд топган. Чамаси уч ёшларида отаси вафот этган. Бошланғич таълимни Бағдодда олган. Сўнг Бағдод университетининг ҳуқуқ факультетига ўқишга кирган. Факультетни тамомлагач, Нажибия диний ўрта мактабига мудир этиб тайинланган. Кейинчалик Қоҳира давлат университетининг Ислом шариъати факультетига ўқишга кириб, Ислом шариати бўйича магистрлик илмий даражасини ва 1962 йил докторлик илмий даражасини олди.
Ўқиш давомида қатор ироқлик ва мисрлик олим ва шайхлардан истифода қилди. Жумаладан, Шайх Амжад Заҳовий, Шайх Абдулқодир Хатиб, Шайх Нажмиддин Воиз, Шайх Муҳаммад Маҳмуд Саввоф, Шайх Муҳаммад Абу Заҳра, Шайх Ҳасан Маъмун ва бошқалар.
Қатор илмий лавозимларда ишлади. Жумладан Ислом шариъати фани ўқитувчиси, Бағдод университети ҳуқуқ факультети Ислом шариъати бўлими бошлиғи, Бағдод университети Адабиёт факультети дин бўлими мудири, исломий тадқиқотлар факультети декани.
Қатор мислсиз китоб ва рисолалар муаллифи:
1. “Аҳкомуз-зиммийина вал-мустаъманина фил-ислам”.
2. “Ал-мадхал лидиросатиш-шарийъа ал-исламийя”.
3. “Ал-кафала вал-ҳавала фил-фиқҳил муқоран”.
4. “Усулу-даъва”.
5. “Ал-фарду вад-давла фиш-шариъа”.
6. “Ал-муфассал фи аҳкамил-маръати ва байтил-муслими фиш-шариъатил исламийя”. 11 том.
7. “Ал-важиз фи шарҳил-қоваидил фиқҳийяти фиш-шариъатил исламийя”.
8. “Аш-шарҳул ироқий лиусулил ишрийн”.
9. “Назарот фиш-шариъатил исламийя”.
10. “Ал-луқата фиш-шариъатил исламийя” ва бошқалар.
11 томлик “Ал-муфассал фи аҳкамил-маръати ва байтил-муслими фиш-шариъатил исламийя” китоби учун 1997 йил исломий тадқиқотлар йўналиши бўйича Қирол Файсал халқаро мукофотини олди.
60 йиллар охирида Ироқда Исломий тадқиқотлар факультетини таъсис этиб, бир неча йиллар давомида исломий фанлардан таълим берди. Факультетни йилига ўнлаб талабалар битириб чиқдилар. Ироқда ҳукумат тепасига “Уйғониш” партияси вакиллари келгач, факультетни ёпиб, мамлакатда диний таълимни кескин сиқув остига олдилар ва 90 йиллар бошида доктор Абдулкарим Зайдон ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Умрининг қолган қисмини Ислом фикри, даъвати, Ислом шариъати бўйича турли китоб ва рисолалар ёзиш, илмий тадқиқотлар қилиш билан ўтказди.
Аллоҳ азза ва жалла у кишини ўз раҳматига олсин ва Ўзи неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга қилсин. Омин.