Марказий Африка мусулмонлардан «тозаланмоқда»

Марказий Африка Республикасининг (МАР) ғарбий қисмларида иқтиқомат қиладиган мусулмонлар ўзлари яшаб юрган ерларидан ҳайдалмоқда. Кетишни хоҳламаганларни ўлим кутмоқда, деб хабар қилди БМТнинг қочқинлар бўйича оли комиссари Антонио Гутеррес. “Декабар ойининг бошларидан МАРнинг ғарбий ҳудудларида истиқомат қилаётган мусулмонларни “тозалаш” кетаётганини кузатмоқдамиз” – деди қашшоқ Африка мамлакатида содир бўлаётган этно-диний низога бағишланган БМТнинг хавфсизлик кенгаши мажлисида.
“Ўн мингдан ошиқ мусулмонлар мамлакатдан ҳижрат қилди, буниси эса мазкур низо давридаги иккинчи муҳожирлар тўлқинидир ва жойларида қолганлар ҳам катта хавф остидадирлар”, деб унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Рейтер» ахборот агентлиги.
Хавфсизлик кенгаши 12 мингга яқин тинчликпарвар кучларни юбориш, мамлакатда этник ва диний тозалашларнинг олдини олиш бўйича БМТнинг таклифини кўриб чиқмоқда. Агар БМТ таклифи қабул қилинадиган бўлса МАРга тинчликпарвар кучлар ёз охирларигача келиши мумкин. “Ўтган ҳафтанинг ўзида 15 мингга яқин одам МАРнинг ғарбида жойлашган 18 та шаҳарда қамал қилинган. Уларни қуршовга олган одамлар ичида “Анти-балака” элементлари мавжуд бўлиб, уларнинг ҳужумга ўтиш эҳтимоли ҳам бор”, деди Гутеррес.
“Халқаро кучлар мазкур жойларнинг баъзи қисмларида мавжуд, бироқ тинчликпарвар кучлар тезда киритилмаса, жуда кўп фуқаролар кўз ўнгимизда ўлдирилиши мумкин”, деб гоҳлантирди у.
Антонио Гутерреснинг айтишига қараганда, МАРда ўтган йилгача диний низо деган нарса бегона эди. Бироқ ҳарбий гуруҳларнинг зўравонликлари кучайиши билан улар қотилликларни дин номидан қиладиган бўлишди. “Диний тозалашлар иблисона ҳаракатдир, дарҳол тўхтатилиши шарт”, деди БМТнинг мансабдор шахси.
МАРнинг ташқи ишлар вазири Туссен Конго-Дуду кенгашга хабар қилишича, мамлакатининг омон қолиши БМТ тезкор кучларини қанчалик тез киритиши боғлиқдир. БМТ кучларининг муҳимлигини тинчликни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ Бош котиб муовини Эрве Ладс ҳам таъкидлаб ўтди. “Давлат зўравонликларнинг турли хиллари билан курашиш имкониятига эга эмас”, деди у.
“Миллий армия йўқ, полиция ва жандармерия қолдиқлари ўз вазифаларини адо қилишлари учун элементар аслаҳа-анжомлар ва бошқа воситалардан маҳрум. Бунинг устига давлат бошқаруви деган нарсанинг ўзи ҳам йўқ,” деб таъкидлади Ладсу.
Европа Иттифоқи Африка мамлакатларининг олти минг аскари ҳамда франтсузларнинг икки минг аскарига қўшимча қилиб, мингдан ошиқ аскарларини юборди. Бироқ бу кучар ҳалигача, мусулмонларнинг қатл этилишини тўхтатиб, барқарорликни тиклай олгани йўқ.
Мусулмон қочқинларнинг сўзларига кўра, Ғарб ва Африка мамлакатларининг ҳурбийлари насроний жангариларнинг жиноятларига (қотилликларига) аралашмасликни афзал билишмоқда.
БМТнинг гуманитар ёрдам бўйича координатори Валери Амос хавфсизлик кенгашига баён қилишича, МАРда 650 мингдан ошиқ қочқинлар бор экан. Пойтахт Бангининг ўзида 232 минг қочқинлар мавжуд. Яна 300 мингга яқини қўшни мамлакатларга қочиб ўтган. “Зўравонликлар маҳаллий ва миллий даражада давлатнинг йиқилишига сабаб бўлди”, дейди у.
Дунё бўйлаб, мусулмонларни хўрлаш, уларга азоб бериш ва бу жиноятларга кўз юмиш ҳали ҳам давом этиши ҳар қандай мусулмонни хафа қилади, унинг қайғуришига сабаб бўлади.
Интернет маълумотлари асосида Абу Муслим тайёрлади