Ўзбекистондан келадиган ҳожиларнинг миқдори 5200 киши этиб белгиланди

Ўзбекистондан келадиган ҳожиларнинг миқдори 5200 киши этиб белгиланди

Жорий йилнинг 24 февраль — 2 март  кунлари Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ишлари вазирлиги таклифига биноан Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов ва идора матбуот котиби Ж.Нуриддиновдан иборат Ўзбекистон Ҳаж делегацияси мазкур давлатда хизмат сафарида бўлиб қайтди.

25 февраль куни Макка шаҳрида умра амалларини бажараётган ўзбекистонлик зиёратчилар жойлашган “Наво мавадда” меҳмонхонасидаги шарт-шароитлар, озиқ-овқат ва транспорт таъминоти даражаси ўрганилди, зиёратчилар билан мустақиллик ва тинчлик неъмати туфайли яратиб берилаётган шароитлар ҳақида суҳбатлашилди. Суҳбат давомида зиёратчиларимиз яратиб берилаётган шароит ва қулайликлар учун Ўзбекистон ҳукумати, шахсан Президентимизга ўзларининг самимий ташаккурларини изҳор қилган ҳолда мамлакатимизни тинч-осойишта, халқимизнинг ҳаёти янада фаровон бўлишини тилаб, дуолар қилдилар.
26 февраль куни Ўзбекистон Ҳаж делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ишлари вазири Бандар бин Мухаммад Хажжар  томонидан қабул қилинди. Қабул давомида вазирликнинг ҳаж ишларини ташкил этиш бўйича барча идоралари, шунингдек, Макка ва Мадина шаҳарларидаги вакилликлари томонидан ўзбекистонлик ҳожиларнинг Саудия ҳудудидаги тартибли ва уюшган ҳаракатига юксак баҳо берилди. Хусусан, ўзбекистонлик ишчи гуруҳининг тезкор фаолиятига тўхтаб ўтилиб, келгуси ҳаж мавсумида ҳам шундай яхши натижаларга эришишга умид билдирилди.
Қабул маросими иштирокчилари томонидан Ўзбекистон ҳаж ишчи гурухи ва зиёратчиларининг Саудиядаги фаолияти ва хатти-ҳаракати бугунги кунда бошқа давлатлар учун ўрнак бўладиган даражага эришганлиги бир неча бор таъкидланди.
Ўзбекистон Ҳаж делегацияси ўтган ҳаж мавсумини тартибли  ва юқори даражада ўтказишда кўрсатилган ёрдам учун Ҳаж вазирлигининг барча идора ва вакилликларига миннатдорчилик билдирди.
Хусусан, мавжуд қийинчиликларга қарамай, ўзбекистонлик ҳожилар учун ўтган йилги ҳаж квотаси тўлиқ сақланиб қолдирилганлиги муносабати билан, аввалам бор, икки Ҳарам ходими, подшоҳ Абдулла бин Абдул Азиз ас-Сауд жаноби олийларига ва Ҳаж вазирлигининг барча мутасаддиларига миннатдорчилик билдирилди. Шунингдек, зиёратчиларимизни Саудияга ташиб борувчи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси самолётларини Мадина шаҳар аэропортига қўндиришдаги ижроатларни енгиллаштиришда кўрсатилган кўмак учун ҳам миннатдорчилик изҳор этилди.
Қабул маросими юқори даража ва дўстона кайфиятда ўтди.
Шу куни кечқурун Саудия Арабистони телевидениеси биринчи каналининг “Ахборот” дастури, эртанги “Ал-Ватан” ва “Ал-Уккоз” газеталари орқали учрашув тафсилотлари кенг ёритиб берилди. Ушбу хабар Саудия Ҳаж вазирлигининг интернетдаги сайтидан ҳам жой олди.

26 февраль куни куннинг иккинчи ярмида Жидда шаҳрида жойлашган Бирлашган вакилликлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Ахмад Бахш бошчилигидаги ҳайъат аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди. Уюшма раҳбари томонидан ўтган ҳаж мавсумида ўзбекистонлик ҳожиларнинг белгиланган талаблар асосида ҳаж амалларини тартибли ва тўлиқ бажарганликлари, мавжуд қонун-қоидалар бузилишига йўл қўйилмагани таъкидланди. Шунингдек, уюшма томонидан ўзбекистонлик ҳожиларнинг барчаси шартномага риоя этган ҳолда мамлакатга ҳаво йўллари орқали кириб келгани ва ҳаж мавсумидан сўнг ўз вақтида Саудия ҳудудини тарк этгани алоҳида қайд этилди.
Ахмад Бахш келгуси ҳаж мавсумидаги шартнома матнига тўхталиб, унга бу йил ҳеч қандай янгиликлар киритилмаганини билдирди.
Шу куни Макка шаҳрида жойлашган Ҳаж мавсуми тадбирларини электрон тизимлаш марказида қисқа муддатли семинар-тренинг машғулотлари бўлиб ўтди. Унда жорий йилнинг апрель ойида мазкур лойиҳа Ҳаж вазирлиги орқали тасдиқланиши ва татбиқ этилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, мавзуга доир тарқатма материаллар тақдим этилди.
Шу куни Туркия, Европа, Америка ва Австралия ҳожилари учун хизмат кўрсатувчи миллий муассаса ҳайъати аъзолари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат бошида ҳайъат раиси Тариқ бин Муҳаммад Анқави сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳи билан муассаса ўртасидаги узвий ҳамкорлик алоқалари такомиллашиб бораётгани, бунинг натижасида ўзбекистонлик ҳожиларнинг ҳаж амалларини бажаришларида қулайлик ва енгилликлар яратилаётганини таъкидлади.
Суҳбат давомида ўтган ҳаж мавсумида бошқа давлатлар орасида ўзбекистонлик ҳожиларнинг тартибли ва уюшган ҳаракатлари алоҳида қайд этиб ўтилди. Шунингдек, Ўзбекистон тажрибасини муассасага тегишли бўлган бошқа давлатлар ишчи гуруҳларига намуна сифатида кўрсатилаётгани маълум қилинди.
27 февраль куни Макка шаҳридаги транспорт хизмати ташкилотининг раҳбари Ахмад бин Абдулла Самбава бошчилигидаги ҳайъат аъзолари билан учрашув ўтказилди. Суҳбатда келгуси ҳаж мавсумида транспорт учун олдиндан тўланадиган кафолат пулларини ўтказиш бўйича тушунча берилиб, барча зарур маълумотларни интернет тизими орқали олиш мумкинлиги қайд этилди. Ташкилот томонидан Зул-ҳижжа ойининг 5-кунига қадар барча ҳожилар Мадина шаҳридан Макка шаҳрига етиб келишлари зарурлиги эслатиб ўтилди.
 28 февраль куни Бирлашган вакилликлар миллий муассасасининг Мадина  шаҳридаги ҳайъати аъзолари билан учрашув ўтказилди. Муассаса раҳбари доктор Юсуф бин Ахмад аль-Хавала суҳбатда ўзбекистонлик ҳожиларнинг ўтган хаж мавсумида Мадина шаҳридаги тартибли ва уюшган фаолиятини юқори баҳолади. Келгуси ҳаж мавсумида ҳам шундай натижаларга эришишга умид билдириб, ишчи гуруҳи томонидан самолётлар қатнови жадвали, ҳаж ишчи гуруҳи қароргоҳи манзили, алоқа телефонларини ўз вақтида муассасага етказиш зарурлигини таъкидлади.
Юсуф Хавала томонидан Мадина шаҳрида ижарага олинган меҳмонхоналарни ўз вактида муассаса оркали кайд этилиши лозимлиги таъкидланди.
1 март куни  Мадина шаҳрида умра ибодатларини амалга ошираётган ўзбекистонлик зиёратчиларнинг меҳмонхонадаги шарт-шароитлари билан танишилди. “Сафо мавадда” меҳмонхонаси ҳарамдан 50 метр масофада жойлашган бўлиб, барча шароитларга эга. Ўрганиш жараёнида умра ишчи гуруҳи ҳамда ҳамкор ширкат аъзоларига ўзбекистонлик зиёратчиларга кўрсатилаётган хизмат турларини янада яхшилаш, меҳмонхоналарда санитар ҳолатга янада жиддий эътибор бериш бўйича тавсия ва кўрсатмалар берилди.
2 март куни Ҳаж ишлари вазирлигининг Жидда шаҳридаги қароргоҳида 2014 йилги ҳаж мавсумини тартибли ўтказиш бўйича шартнома баённомаси имзоланди. Шартномада Ўзбекистондан келадиган ҳожиларнинг миқдори 5200 киши этиб белгиланди.

back to top