Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олади

Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини тан олади

Ўзбекистоннинг Украинадаги воқеалар юзасидан «Жаҳон» ахборот агентлигининг 2014 йил 4 мартдаги баёнотида ифода этилган муносабати ўзгармасдан қолади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати 24 март, душанба куни маълум қилди.

 «Ўзбекистон Республикасининг БМТ Низоми асосий тамойиллари ва халқаро ҳуқуқий меъёрлардан келиб чиққан ҳолда «юзага келадиган халқаро баҳсларни тинч воситалар билан ҳал этиш, халқаро муносабатларда ҳар қандай давлатнинг ҳудудий дахлсизлигига ёҳуд сиёсий мустақиллигига қарши куч билан таҳдид қилиш ёки уни қўллашдан тийилиш» борасидаги позицияси қатъий ва ўзгармасдир», – дейилади ТИВ хабарида.

Маълум қилишларича, ушбу принципиал аниқ мақсадли вазифалар замонавий босқичда Ўзбекистон сиёсатининг асосий устувор йўналишлари белгилаб берилган «Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсий фаолияти концепцияси тўғрисида»ги Конституциявий қонунда ўз аксини топган. Баёнотда қайд этилишича, Ўзбекистон шу каби халқаро муаммоларга нисбатан ушбу тамойилларга риоя қилган ва бундан кейин ҳам амал қилади.

«Шу билан бирга, бизнингча, бугун Украина ва Қримда содир бўлаётган воқеаларнинг олдиндан айтиш мушкул бўлган оқибатларини ҳисобга олган ҳолда, украин ва рус халқларининг асрий яқинлигидан, маънавий ва маданий қадриятларининг, улар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг тарихан шаклланган муштараклигидан келиб чиқиб, юзага келган муаммоларни ўзаро мақбул муросали ҳал этиш чорасини топишнинг ягона тўғри йўли бевосита икки томонлама музокаралар олиб боришдир. Бундай ҳолатда вақт қанча кўп ўтса, шунча кўп қарама-қаршиликлар юзага келади ва вазият мураккаблашади», – дейилади баёнотда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Украинадаги воқеалар муносабати билан биринчи марта 2014 йил 4 мартида баёнот берганди. Ўшанда ТИВ ҳузуридаги «Жаҳон» ахборот агентлиги «Украинада содир бўлаётган воқеалар «мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши мумкин»лигини қайд эти, «бундай ҳолат Ўзбекистонда чуқур хавотир ва ташвиш уйғотишини» маълум қилганди.

back to top