Тошкентда «Нуҳ» фильми намойишлари қайтадан бошланди

Тошкент кинотеатрлари «Нуҳ» фильми намойишларини қайтадан йўлга қўйишди. Бу ҳақда Afisha.Uz’да маълумот берилган. Режиссёр Даррен Аронофски томонидан суратга олинган «Нуҳ» фильми Тошкентнинг Asia, Grand Cinema ва Mega Cinema кинотеатрларида намойиш этилмоқда. Ҳар учала кинотеатр вакиллари сеанслар бўлаётгани ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.
Asia кинотеатрида «Нуҳ» фильми сеанслари чипталари 18-20 минг сўмдан, Grand Cinema’да 20 минг сўмгача, Mega Cinema кинотеатрида эса сеанс вақтига қараб 18 минг сўмдан 20 минг сўмгача сотилмоқда.
«Нуҳ» фильмининг Тошкентдаги намойишлари 27 март куни бошланган, бироқ 28 март куни маълум сабабларга кўра тўхтатилган эди. «Ўзбеккино» миллий агентлиги ушбу фильм намойиши учун бирорта юридик шахс тавсия сўраб ташкилотга мурожаат қилмаганини маълум қилганди.
(Мазкур фильм Библияда баён қилинган воқеалар асосида суратга олинган. Яқинда ушбу фильмга Рим папаси ҳам ўз "фотиҳаси"ни берган. Бир қатор араб мамлакатларидаги еткачи уламолар мазкур фильмни қоралаб чиқишган - Инфо.Ислом.Уз.)