Малайзия самолётининг ҳалокати тафтиш қилинмоқда

Малайзия самолётининг ҳалокати тафтиш қилинмоқда

Украина бош вазири Арсений Ятсенюк Малайзия ҳаво йўлларига қарашли самолётнинг уриб туширилиши бўйича терговга Нидерландия бош бўлсин, демоқда, чунки фожиада айнан шу мамлакатдан энг кўп фуқаролар нобуд бўлган.

Ятсенюк мамлакат шарқида ҳукумат кучларига қарши жанг қилаётган исёнчиларни самолётни уриб туширганликда айблайди.
Самолёт қулаган жойда ҳозир Голландиядан уч терговчи ишламоқда.
Бугун БМТ Хавфсизлик Кенгашида халқаро экспертларга терговда иштирок этишга имконият яратишни талаб қилувчи резолюция овозга қўйилади.
Австралия ташқи ишлар вазири Жули Бишоп АҚШда расмийлар билан учрашиб, резолюцияни қабул қилишда Вашингтондан алоҳида шижоат кўрсатишни сўрамоқчи. Австралия ҳалокатда камида 37 фуқаросини йўқотган.
"Самолётни россияпараст исёнчилар уриб туширганини тахмин қиладиган бўлсак, айнан шу одамлар ҳозир ҳалокат жойини назорат қилаётгани худди жиноятчиларга жиноят содир этилган жойни топширган билан баробардир", - дейди Австралия бош вазири Тони Эббот.
Россия президенти Владимир Путиннинг айтишича, агар Украина ўтган ой шарқда ҳарбий ҳаракатларни жонлантирмаса эди, Малайзия самолёти билан бундай фожиа юз бермасди.
"Ҳеч кимнинг бу фожиадан ўз сиёсий мақсадларига эришишда фойдаланишга ҳаққи йўқ. Тергов билан шуғулланаётган халқаро экспертлар хавфсизлигини таъминлаш зарур", - деди Путин.
Унинг айтишича, Россия БМТнинг Халқаро фуқаролик авиацияси ташкилоти экспертларининг ишлаши учун шароит яратишга ҳаракат қилмоқда.
"Украина шарқидаги можаронинг ҳарбий фазадан музокара босқичига ўтишини таъминлашга ҳаракат қиламиз. Томонлар музокара қилиши, масалани тинч йўл ва дипломатик воситалар билан ҳал этиши зарур", - дейди Путин.
АҚШ давлат котиби Жон Керрига кўра, Россия сепаратистларни самолётга қарши илғор ракета тизими билан таъминлаб, уни ишлатишни ўргатган. Бунга кўплаб далиллар бор, дейди Керри.
Унинг назарида бу фожиа Европа давлатларини Россияга қарши санксияларни кучайтиришга чорлаши лозим.

back to top