Либияда жанглар, йирик нефт омбори аланга ичида

Либияда жанглар, йирик нефт омбори аланга ичида

Либияда хавфсизлик билан боғлиқ вазият оғирлашиб бормоқда. Пойтахт Триполида, халқаро аэропорт ёнида рақиб жангари гуруҳлар қаттиқ ўқ алмашаётгани хабар қилинади.

Шаҳардаги нефт омбори аланга олиб, атрофдан одамлар эвакуация қилинмоқда. Либия расмийлари омборда олти миллион литр қора олтин сақланишини, воқеа гуманитар ва экологик ҳалокатга айланиши мумкин эканини айтади.

Жанговар гуруҳлар Триполи халқаро аэропорти атрофидаги ҳудуд учун уч ҳафтадан бери олишади. Натижада рейслар тохтаб қолган, халқаро ҳамжамият эса ўз дипломатларини мамлакатдан олиб чиқишга шошмоқда. Чет эл фуқароларига Либияни имкон қадар тез тарк этиш тавсия қилинаяпти.

Либия 2011-йилда Муаммар Қаддафий ҳукуматдан ағдарилганидан бери энг қонли жангларни бошидан кечираяпти. Амалдаги ҳукумат тартибни тиклашга ожизлик қилмоқда.

Ой бошидан бери пойтахтдаги тўқнашувларда 94 одам жон берди. Жароҳат олганлар 400 киши.  Бинғози шаҳарида ўтган ҳафтада яна 55 фуқаро ҳалок болган, уларнинг аксарияти тинч аҳоли вакиллари.

back to top