Мисрда Озодлик ва адолат партиясининг фаолияти таъқиқланди

Мисрда  Озодлик ва адолат партиясининг фаолияти таъқиқланди

“Daily News Egypt” интернет нашрининг маълум қилишича, 2014 йил 9 август куни Мисрнинг Олий маъмурий суди “Мусулмон биродарлар жамияти” (“Мусулмон биродарлар”)нинг сиёсий қаноти Озодлик ва адолат партиясининг фаолиятини таъқиқлаган.

Мазкур мамлакатнинг собиқ президенти Муҳаммад Мурсий тарафдорларидан бўлган “Давлат тўнтарилишига қарши альянс”нинг билдиришича, суднинг бундай қарори қонунга зиддир. Альянс ўз баёнотида Озодлик ва адолат партиясининг таъқиқланиши Миср суд ҳокимияти қанчалик адолатсиз ва сиёсийлашиб кетганини кўрсатади, дея таъкидлаган. Баёнотда, шунингдек, Мисрда “сиёсий саҳнада ҳукмронлик қилиш ва уни монополиялаштириш ҳамда жамоат фикрини назорат қилиш бўйича аниқ режа мавжуд”лиги ҳақида сўз боради. Бир гуруҳ ҳуқуқшуносларнинг фикрича, суднинг қарори яроқли бирон далилга эга бўлмай, сиёсий партиялар тўғрисидаги қонун нормаларига хилоф тарзда қабул қилинган. Хусусан, қонуннинг 17-моддаси сиёсий партияларга суднинг партия фаолиятини таъқиқлаш ҳақидаги қарори юзасидан аппеляция қилиш ҳуқуқини берсада, Миср Олий маъмурий судининг Озодлик ва адолат партиясини таъқиқлаш ҳақидаги қарори якуний, деб ҳисобланмоқда. “Мусулмон биродарлар жамияти”нинг 2012 йилда умумхалқ президентлик сайловида ғолиб бўлган номзоди Муҳаммад Мурсий 2013 йил 3 июль куни мазкур мамлакатнинг ҳарбийлари томонидан ағдарилган бўлиб, “Мусулмон биродарлар”нинг ўзи эса 2013 йил 25 декабрь куни Мисрнинг ўша пайтдаги ўтиш даври ҳукумати томонидан террористик гуруҳ деб эълон қилинган эди. Маълумот учун қайд этиш керакки, “Мусулмон биродарлар жамияти” ўзини тинчликпарвар ташкилот эканини эътироф этишига қарамай, унинг фаолияти Саудия Арабистони, Сурия, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн, Россия каби давлатлар томонидан ҳам таъқиқланган.

back to top