Ҳасан Руҳоний: “Сиёсий қўрқоқ ва зараркунандалар...”

Ҳасан Руҳоний: “Сиёсий қўрқоқ ва зараркунандалар...”

Уммондаги “Muscat Daily” нашрининг маълум қилишича, Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний шу йил 11 август куни телевидение орқали жонли эфирдаги чиқиши пайтида, Ғарб билан ядровий масала юзасидан келишувга эришиш ҳақида гапирар экан, бу борада Эрон парламентининг айрим аъзоларини “сиёсий қўрқоқ ва зараркунандалар” деб атаган.

Президент Руҳонийнинг фикрича, парламентнинг “айрим аъзолари шиорбозликдан нарига ўтмайдиган сиёсий қўрқоқдирлар. Улар музокараларга киришдик дейишимиз биланоқ, қалтирашни бошлайдилар. Бундайларнинг жойи жаҳаннамдадир. Ўзларига у ердан иссиқроқ жой топиб олсинлар”. Эрон раҳбари ўз чиқишида, шунингдек, жаҳон ҳамжамияти билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини, бунда ўз мамлакатининг ҳуқуқлари ва миллий манфаатларини ҳимоя қилишини таъкидлаб: “Биз баъзилар (Ғарбни назарда тутган ҳолда - “Muscat Daily”) томонидан сунъий равишда яратилган инқироз – ядровий масалани ҳал қилишни хоҳлаймиз. Эрон Ислом Республикаси ҳеч қачон оммавий қирғин қуролини яратишга интилмаган, бундан кейин ҳам интилмайди. Бу борадаги музокаралар шунчаки музокара учун эмас, балки маълум вақтдан кейин аниқ ва қабул қилиш мумкин бўлган ечимларга келиши керак” – деб урғу берган. “Fars” ахборот агентлиги эса Ҳасан Руҳонийнинг нутқига оид хабарида “сиёсий қўрқоқлар” ҳақида тўхталмай, Эронга нисбатан қўлланилган санкцияларнинг “ғайриинсоний”лиги, мамлакатнинг Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (IAEA) билан ҳамкорлиги ҳамда “G5+1” форматидаги учрашувлар ҳақида сўз юритган. Шуни қайд этиш жоизки, Эрон расмий доиралари ядровий изланишлар ва тажрибалар фақат тинчлик мақсадида – мамлакат иқтисодиётини зарурий энергия билан таъминлаш учун йўналтирилганлигини ҳар сафар таъкидлаб келадилар.

back to top