Тунис “UH-60M Black Hawk” сотиб олмоқчи
Ал Жазира” телеканалининг хабарига кўра, Тунис АҚШдан “UH-60M Black Hawk” (“Қора лочин”) русумидаги 12 дона ҳарбий қирувчи вертолётлар сотиб олишни режалаштирмоқда. Ҳарид нарҳи 700 миллион АҚШ долларига тенг бўлиши айтилмоқда.
Хабарда таъкидланишича, Тунис мазкур вертолётлардан мамлакат хавфсизлигига раҳна солаётган террористик гуруҳларга қарши курашишда фойдаланади.
Тунис президенти Монсеф Марзуки Вашингтонда “АҚШ ва Шимолий Африка мамлакатлари раҳбарларининг саммити”да иштирок этар экан: “Мазкур ҳарид кечиктириб бўлмайдиган масаладир... ҳозир улар бизга жуда ҳам зарур... биз Тунисда Суриядаги каби террористик хуружлар бўлишини кутмаган эдик. Биз бироз соддалик қилган эканмиз”, – деб таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, шу йил 16 июль куни Туниснинг 14 нафар аскари мамлакатнинг Жазоирга чегарадош бўлган Чаамби тоғли ҳудудида жангарилар томонидан ўққа тутилиб, ўлдирилган эди. Мазкур воқеъа Тунис расмийлари томонидан мазкур давлат тарихида унинг армиясига нисбатан ҳозирга қадар содир этилган энг мудҳиш қўпорувчилик ҳаракати сифатида қайд этилган.



