Иорданиядаги масжидлар учун янги электр қуввати жиҳозлари ўрнатиладиган бўлди
Иорданиядаги масжидларни электр қуввати билан таъминлаш учун уларнинг барчасига электр токини ишлаб чиқарадиган қуёш панеллари ўрнатиладиган бўлди.
Мазкур лойиҳа қиролликнинг Энергетика ва минерал ресурслар вазирлиги ҳамда Вақф ва исломий ишлар вазирлиги томонидан амалга оширилиши белгиланган.
Лойиҳа доирасида мамлакатдаги 6 мингдан ортиқ масжидларга қуёш энергиясини электр токига айлантирадиган замонавий генератор-қурилмалар ўрнатилади.
Муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш қурилмалари дастлаб 120 та масжидга ўрнатилгач, иш кўлами анча кенгайтирилади ва бошқа масжидлар қам қамраб олинади.
Ҳозирнинг ўзида бир нечта масжидларда бундай қурилмалардан самарали фойдаланиб келинмоқда. Жумладан, пойтахт шаҳар – Аммандаги “Абу Ғавейлаҳ” масжидига одамлар эҳсон йўли билан 16 минг динор йиғишиб, қуёш панели ўрнатдилар. Мазкур қурилма шу йил апрель ойида ишга туширилган бўлиб, масжиднинг электр токига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондирибгина қолмай, магистрал линия орқали бошқа истеъмолчиларга ҳам узатилмоқда. Имомнинг сўзларига кўра, электр токи учун масжид авваллари ойига ўртача минг динор атрофида ҳақ тўларди. Эндиликда, қуёш панели масжид ҳаражатларининг сезиларли равишда камайишига хизмат қилмоқда.
2013 йил феврал ойида Иорданиянинг вақф ва исломий ишлар вазири мамлакатдаги масжидларни таъминлаш, хусусан, янги масжидлар қуриш, эскиларини таъмирлаш, имомлар маошларини тўлаш, сув ва электр ҳаражатларини қоплаш учун давлат ғазнасидан 50 миллион динор пул маблағлари сарф этилишини маълум қилганди.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, Иордания ўз эҳтиёжлари учун электр энергиясининг 96 фоизини бошқа давлатлардан сотиб олади. Шу сабабли ҳам, мамлакатда муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш долзарб масалалардан бири ҳисобланмоқда. Мамлакат ҳудудида бир йилда ўртача 300 кун қуёшли бўлиши эътиборга олинса, қуёш панеллари тармоғини ривожлантириш нечоғли унумли бўлишини англаш мумкин.
1 Иордания динори = 1,4 АҚШ доллари (бугунги санага).



