Индонезия пойтахтида осмонўпар “яшил” бинолар бунёд этилади
Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида муниципал маъмуриятга қарашли қатор агентлик ва хизматларни янги осмонўпар “яшил” биноларга жойлаштириш режаси эълон қилинди.
Унга мувофиқ, шаҳар маъмуриятига қарашли бир қанча ташкилотлар “яшил технология” асосида қуриладиган янги биноларга кўчирилади, ҳозирда улар жойлашган паст қаватли бинолар эса бузилиб, ўрнида сайилгоҳ ва парклар барпо этилади.
Жорий йил охирига қадар бундай биноларнинг биринчиси марказий Жакартанинг Жати Бару номли қисмида қуриб битказилиши кутилмоқда.
“Яшил” иморатлар ўзининг энергия тежамкорлиги, сувни тозалаш ва ундан қайта фойдаланиш каби имкониятлари билан ажралиб туради.
Индонезия пойтахтини ривожлантириш режаларига, шунингдек, янги бандаргоҳ қуриш, қамбағал ва уйсиз аҳолига арзонлаштирилган турар жойлари барпо этиш, шаҳар жамоат транспорти учун икки қаватли автобуслардан кўпроқ харид қилиш ҳам киритилган.
Эслатиб ўтамиз, Жакарта Индонезиянинг Ява оролида жойлашган бўлиб, жануби-шарқий Осиёдаги аҳолиси энг кўп шаҳар ҳисобланади. Унинг аҳолиси 2013 йил бошида салкам 9,8 миллион кишини ташкил этган.



