Ғазо учун! Даниялик киши Исроилнинг фаҳрий медалини қайтариб берди
Даниялик Ҳенк Заноли бундан уч йил аввал Исроил томонидан ўша давлатнинг “Миллатлар орасидаги ҳақ киши” номли фаҳрий медали билан тақдирланган эди. Ҳенкнинг онаси ва оиласи Иккинчи жаҳон уруши йилларида бир яҳудий болани фашистлар қўлидан сақлаб қолганлиги учун, Исроил уни мазкур медалга сазовор деб билган эди.
Кеча маълум бўлишича, Ҳенк Заноли “Исроилнинг Ғазодаги инсониятга қарши жиноятлари” сабабли, мазкур медалдан воз кечган ва уни конвертга солиб, ушбу давлатнинг Ҳаагадаги элчихонасига қайтариб юборган.
Тўқсон бир ёшли Ҳенк Заноли ўзининг элчихонага йўллаган мактубида, жумладан, шундай деб ёзади: “Чуқур афсус билан шуни маълум қиламанки, менинг онам ва оиламиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши йилларида ўз жонларини хатарга қўйиб бир яҳудий болани сақлаб қолганликлари сабабли Исроил давлати томонидан менга тақдим этилган медалдан воз кечдим ва уни сизга қайтариб бермоқдаман... Шу йил 20 июль куни Исроил ҳарбийлари томонидан Ғазо Секторига ташланган авиабомбаларнинг бири яҳудий болани асраб қолган ўша ота-онамнинг зурриётлари ва қариндошларининг авлодлари бошпана топган бинога келиб тушган ва уларнинг барчасини ўлдирган... Бугун, орадан тўрт авлод ўтиб, Исроил давлатининг бизга нисбатан қилган қотиллиги бизни шокка солиб қўйди. Бу жуда ҳам ачинарлидир”.
Мактубини давом эттирар экан, нафақадаги ҳуқуқшунос бўлган Ҳенк Заноли мана буларни ҳам алоҳида таъкидлаб ўтган: “Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатлари давлатингизга нисбатан уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар бўйича айб қўйишга асосдир... Ҳуқуқшунос сифатида шуни таъкидлайманки, агар адолат сиёсий найрангга айлантириб юборилмаса, Исроил тегишли жазога ҳукм қилинади. Ўшанда биз ҳам ҳалок бўлган қариндошларимиз ҳақида яна бир бор эслатиб қўямиз”.



