“Умра–1435” мавсумида рекорд натижа қайд қилинди
Ўтган ҳафта охирида Саудия Арабистонининг Ҳаж ишлари вазирлиги “Умра – 1435 ҳиж. йил” (2014 мил. йил) мавсуми якунига етганлигини ва унда рекорд натижа – жами бўлиб 6 миллион 51 минг 710 нафар муътамирлар умра амалларини бажарганликларини маълум қилди.
Ҳаж ишлари вазири ўринбосарининг Умра ишлари бўйича ёрдамчиси ва ушбу вазирликнинг Жидда шаҳридаги бўлимининг бош бошқарувчиси Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Марғилоний сўзларига қўра, бу йилги рекорд натижага эришилишида махсус ишлаб чиқилган “Умра электрон кузатуви” дастурининг илк бор амалга оширилиши ҳам муҳим ўрин тутди.
Дастур воситасида бутун жаҳондан келаётган муътамирлар, яъний умра зиёратига келаётган шахслар, ва уларга хизмат кўрсатаётган ходимлар учун қатор қулайликлар яратилди. Жумладан, умра зиёрати учун келиб тушаётган аризаларни кўриб чиқиш анча енгиллашди. Шунингдек, Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварадаги хизматчилар учун бутун жаҳондан умрага келаётган миллионлаб кишиларни кутиб олиш ва уларни белгиланган меҳмонхоналарга тезлик билан жойлаштириш, зарурий электрон мониторинг ишларини амалга ошириш имконияти яратилди. Бу, ўз навбатида, аэропорт ва бандаргоҳлардаги тиқилинчларнинг ҳам сезиларли даражада камайишига хизмат қилди.
Абдуллоҳ ибн Муҳаммад Марғилонийнинг таъкидлашича, мазкур электрон дастурнинг самарали жорий этилиши вазирликнинг стратегик мақсадларидан бири бири бўлиб, “Аллоҳ меҳмонлари учун енгилликлар яратишга қаратилган”.
“Умра электрон кузатуви” дастурининг янада такомиллаштирилиши ва кейинги мавсумларда ҳам ундан унумли фойдаланилиши айтилмоқда.



