“Бўлиб ташла ва ҳукмронлик қил!”
Жазоир президенти Абдулазиз Бутефлика Ғарбни Ислом ҳақида ёлғон тўқиётганликда айблади. Унинг таъкидлашича, Ғарб давлатларининг махфий хизматлари араб мамлакатларининг табиий бойликларини ўғирлаш ҳамда араблар бирлигини таг-туги билан йўқ қилиб ташлаш мақсадида, ўзларини гўёки “ислом кучлари” деб атаётган турли манқурт гуруҳларни тузиб, улардан ўз мақсадлари йўлида хуфиёна фойдаланмоқдалар.
Жазоирнинг миллий байрами – “Армия ветеранлари куни” муносабати билан сўзлаган нутқида президент Бутефлика: “Айрим махфий хизматлар муқаддас Ислом дийнини зўравонлик, айримачилик ва вахшийлик дийнига айлантиришни исташмоқда, ваҳоланки, у меҳр-муҳаббат, бирлик ва бағрикенглик дийнидир”, – деб алоҳида таъкидлаган.
“Терроризм феномени” ҳақида огоҳ бўлишга чақирар экан, Жазоир президенти минтақада фосиқ ўйинларни амалга оширишга уринаётган гуруҳларни бундай ишларнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида ҳам ўйлаб кўришга ундаган.
Шунингдек, жума куни Абдулазиз Бутефлика Жазоир халқига юзланиб, уларни “биродар Фаластин халқига ёрдам қўлини чўзиш”га чақирди ва буни “маънавий ва инсоний бурч”, деб атади.



