Хуни тўланмаган жафокаш афғон халқи
НАТО Афғонистондан ўз кучларини олиб чиқиб кетар экан, улар томонидан мазкур мамлакатнинг тинч аҳолисига нисбатан амалга оширилган зўравонлик ва қотилликлар жазосиз қолмоқда. Бу ҳақида мазкур ҳолатни ўрганган қатор халқаро ташкилотлар ва мутахассислар хабар бермоқдалар. Уларнинг қайд этишларича, қурбон бўлган минглаб одамларнинг оила аъзоларига товон пуллари тўланмаган, хунрезликлар адолатли тарзда ўрганиб чиқилмаган.
Афғонистон президенти Ҳамид Карзой ҳам АҚШ ҳарбийлари томонидан тинч аҳолига нисбатан кўплаб зўравонлик ва қотилликлар содир этилаётганлиги ҳақида бир неча бор таъкидлаб келган. НАТО мутасаддилари эса ҳар бир ҳолатга жиддий эътибор бераётганликларини маълум қилиб келишган.
Халқаро ташкилотларнинг маълумотларига кўра, НАТО кучлари Афғонистонга кириб келган пайтдан шу кунга қадар минглаб тинч аҳоли вакиллари зўрлаш ва қотиллик қурбонларига айланганлар. Масалан, ўтган даврнинг ўртасини, яъни 2007 йилни оладиган бўлсак, “тинчлик ва демократия” кучлари томонидан ўша биргина йилнинг ўзида 97 нафар оддий фуқаро зўрланган, ўлдирилган. Таъкидлаш зарурки, ушбу рақамлар фақат хабар қилинган ҳолатларга тааллуқли, холос. Умумий аниқ рақамларни ҳеч кимса билмайди.
Масалан, шундай ваҳшийликнинг қурбонларидан бири бўлган 16 ёшли Биби Ҳалиманинг отаси Ғулом Нур исмли киши яқинда Қобул шаҳрида ташкил этилган матбуот анжуманида сўзлаб, бундай адолатсизликдан азият чекаётганлигини маълум қилган. Унинг айтишича, ўша машъум куни унинг қизи ва қишлоқнинг бир нечта хотин-қизлари яқин атрофдаги тоғда ўтин йиғишаётган бўлган. Кутилмаганда, АҚШ ҳарбий самолёти уларнинг устига авиа-бомба ташлаган. Ҳужум натижасида етти нафар хотин-қизлар ҳалок бўлишган. Уларнинг орасида Биби Ҳалима ҳам бор эди. НАТО мазкур воқеада “жангарилар йўқ қилинди” деб маълум қилгач, Ғулом Нур ўз қизининг жасадини туман марказига келтиради ва “қурбонлар орасида жангарилар бўлмагани ва улар бегуноҳ хотин-қизларни ўлдиришганини” айтади. Бироқ, Ғулом Нур қўшимча қилганидек, хорижий ҳарбийлардан улар нима учун бундай қилишгани ҳақида сўрашга унда на ваколат бор ва на имконият. У НАТО ҳарбийларини одил судлов олдига олиб келолмаслигидан афсусда.
Одатда, бундай ҳолатлар вилоят ҳокими даражасидан нарига ўтмайди. Давлат амалдорлари ҳам бу борада ожизлар. Чунки, Афғонистондаги НАТО кучлари мазкур давлат қонунларининг таъсир доирасига кирмайди, улар дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланадилар.
Президент Карзой матбуот вакиллари олдида мазкур масала Афғонистон ва АҚШ ўртасидаги асосий келишмовчилик нуқтаси эканлигини ва халқаро ташкилотлар ёрдамида у ҳал бўлишини эътироф этган.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йилда АҚШ армиясининг сержанти Роберт Бейлз афғон қишлоқларидан бирига кириб, у ерда 16 нафар тинч аҳоли вакилларини бирма-бир отиб ташлаган эди. Мазкур вахшийликни жаҳон оммавий ахборот воситалари нисбатан кенг ёритганлар. Ҳозирда сержант Бейлз умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, жазони АҚШда ўтамоқда.
Йил охирига қадар НАТО ўз кучларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишни режалаштирган бўлсада, расмий Қобул ва НАТО келишувга эришадиган бўлса, 10 минг нафар ҳарбий мамлакатда қолишда ва “дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланишда” давом этади.



