ИСЕСКО: “Ўзаро тафовутлар Ислом миллатини заифлаштирмоқда”
Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг ихтисослаштирилган тузилмаси – Исломий таълим, фан ва маданият ташкилоти (ИСЕСКО) аъзо-давлатларни улардаги тафовутларни бартараф этишга чақирди. Ташкилотнинг билдиришича, тафовутлар исломий бирдамликка футур етказмоқда.
ИСЕСКО эълон қилган баёнотда, жумладан, шундай дейилади: “...қатор аъзо-давлатлар орасида давом этиб келаётган тафовутлар натижасида ҳар хил можаро ва урушлар келиб чиқмоқда. Улар сабабли Ислом миллати заифлашмоқда, фирқачилик курашлари авж олмоқда, ягона миллат эса турли рақобатчи гуруҳларга парчаланиб кетмоқда. Бундай ҳолат Исломга хуш келмайди ва муқаддас дийнимизнинг меҳр-оқибат, ўзаро ҳамкорлик ва ҳар томонлама бирдамлик тўғрисидаги таълимотларига зиддир... Мусулмон дунёсидаги бундай ачинарли ҳолат дийнимиз душманлари учун муқаддас Ислом тўғрисида ёлғон тасаввур уйғотиш ва одамларни Исломдан узоқлаштиришга имконият бермоқда”.
ИСЕСКО Исломдаги бағрикенглик ғояларига умуман мос келмайдиган терроризм деб аталувчи офатга қарши курашишга чақириб, исломий соғлом фикр ва муқаддас таълимотлар асосида мусулмон жамиятларини янада мустаҳкамлашга ундаган.
Эслатиб ўтамиз, ИСЕСКО 1979 йилда Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти томонидан ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади аъзо-давлатлар ўртасида таълим, фан ва маданият соҳаларидаги ҳамкорликни кучайтириш ва қўллаб-қувватлашдан иборат. Ташкилотнинг Бош идораси Марокаш пойтахти Работ шаҳрида жойлашган.



