Эрон Саудия Арабистони билан алоқаларни кучайтириш ниятида
Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Марзия Афком оммавий ахборот воситалари олдида чиқиш қилиб, “Эроннинг минтақадаги мамлакатлар, шу жумладан, Саудия Арабистони билан алоқалари тўғри ўзанга тушиб бормоқда”, деб таъкидлади.
Матбуот котибининг айтишича, Саудияга янги элчининг юборилиши ўзаро алоқаларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун кенг имкониятлар беради. Эрон Саудия Арабистони билан ўзаро алоқаларни яхшилаш тарафдоридир.
Эроннинг Саудия Арабистонидаги янги элчиси Ҳусайн Содиғий якшанба куни мазкур мамлакатнинг ташқи ишлар вазири шаҳзода Сауд ал-Файсалга ишонч ёрлиғини топширган.
Хабарда айтилишича, Эроннинг Мувофиқлик кенгаши раиси Акбар Ҳошимий Рафсанжоний ҳам Саудия Арабистонига расмий ташриф билан боришни режалаштирган. Бу ҳақида Рафсанжоний матбуот вакилларига юзланар экан: “Мусулмонлар бир-бирларига ишонмасалар ва бир-бирларини ўлдирсалар, Ислом душманлари бундан ҳурсанд бўладилар”, – деб эътироф этган.



