Эрон бандаргоҳларига савдо кемалари қайтмоқда

Эрон бандаргоҳларига савдо кемалари қайтмоқда

Ғарб мамлакатлари томонидан савдо соҳасида Эронга нисбатан жорий этилган санкцияларнинг бироз юмшатилиши натижасида мазкур давлатнинг денгиз портларига хорижий савдо кемалари яна кира бошлаган.

Эрон расмийларининг мисол келтиришича, яқинда Бандар Аббос портига Сингапурга тегишли “Kota Lawa” юк кемаси сузиб кирган. Кемада турли савдо моллари бор бўлиб, унга эгалик қилувчи компания янги бозорлар иштиёқида эканлиги ва, хусусан, Эронга инвестиция қилишни истаётганлиги хабар қилинган. Бу каби савдо кемаларининг сони ортиб бораётганлиги ҳам айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2013 йил 24 ноябрь куни БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзолари бўлмиш АҚШ, Британия, Франция, Россия ва Хитой, шунингдек Германиядан иборат “P5+1” гуруҳи ва Эрон ўртасида эришилган келишув асосида, Эронга нисбатан жорий этилган санкциялар бироз юмшатилган эди. Келишувга биноан, Эрон ўз ядровий изланишларининг бир қисмини тўхтатиш мажбуриятини олган. Мазкур келишув 2014 йил 20 июлда тугаши белгиланган бўлса-да, томонлар ўртасида музокаралар давом этаётганлиги сабабли, унинг муддати шу йил 24 ноябргача узайтирилган.

back to top