Адмирал: Путин агрессияси сабаб НАТО янада мустаҳкам алянс бўлади
28 давлат аъзо НАТО, Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилоти, центабр бошида Уелсда саммитга йиғилади. Коллектив хавфсизлик ва Россиянинг Украинага нисбатан сиёсати асосий мавзу бўлади.
Коллектив хавфсизлик деганда НАТО учун бир аъзо давлатга қилинган ҳужум бутун алянсга нисбатан ҳужумдир. Яқинда Америка матбуотида эълон қилинган мурожаатида НАТО Бош котиби Андерс Фог Расмуссен иттифоқ бир миллиардга яқин одамни ҳимоя қилиш учун ҳар томонлама тайёр туриши лозимлигини таъкидлади. Расмуссенга кўра, НАТО лидерлари блокни замон талабларига мослаштириши, келажак синовларига шай туриши ва кутилмаган хавфни бартараф этиш салоҳиятига эга бўлмоғи даркор. НАТО олдида турган муаммоларнинг чеки йўқ. Энг яқин масофадаги масала бу Украина ва Россия орасидаги можаро. Украина ҳудудий яхлитлиги бузилди. Қрим энди Россияники. Кремл Украина шарқида сепаратист кучларни қувватламоқда. НАТО Қримни Россия ҳудуди деб тан олмайди, аммо ҳақиқат шуки, дейди расмийлар, энди у ерда федерация ҳукмрон.
Истеъфодаги адмирал Жеймс Ставридис, НАТО собиқ қўмондони, фикрича, президент Владимир Путин олиб бораётган агрессив сиёсат охир-оқибат панд беради.
“Путиннинг стратегияси стратегик мағлубиятга етаклайди, бунга шубҳам йўқ. Чунки унинг қилмишлари сабаб НАТО ўзини мустаҳкамлаб олади. Алянсга қаттиқ туртки бу. Украина билан боғлиқ масалаларни деб иттифоқда ирода, бирдамлик ва якдиллик кучаяди”, - дейди у.
Россия хатти-ҳаракатлари Болтиқбўйи давлатларини хавотирга солгани сир эмас. “Руслар ҳимоясига отланган” Кремл Эстония, Латвия ва Литванинг айрим ҳудудларига ҳам кўз олайтириши мумкин, дейди минтақа дипломатлари.
Шон Кей, НАТО фаолияти бўйича етакчи мутахассислардан бири: “НАТО ҳарбий кучга келганда Россиядан бағоят устун. Қудрат, шубҳасиз, алянсда, яъни Ғарбда. Иттифоқ бир нарсани ҳал этиши керак: Россия билан қандай муомала қилишни”.
Урушми ёки муроса? Ҳеч ким уруш истамайди, дейди эксперт.
Адмирал Ставридис назарида Россия НАТО аъзосини босиб ололмайди. Бундай хавотир ўринсиз, дейди кекса ҳарбий.
Бироқ Украинага нисбатан агрессияси учун Россия жавобгарликка тутилиши лозим ва НАТО бу борада қатъий позицияда туриши шарт, дейди адмирал.
“Алянс чегараларини ҳаводан қўриқловчи воситалар шай ҳолатда турмоғи лозим. Стратегик жиҳатдан бунинг аҳамияти катта. Россия билсинки, биз қўл қовуштириб ўтирмаймиз. Шимолда Болтиқ денгизи, жанубда Қора денгизда флотларимиз янада огоҳ турсин. Украина қуролли кучларини зарур воситалар ва кибер технология билан таъминлайлик, уларнинг уқувини оширайлик, умуман, ҳар томонлама тренингдан ўтказайлик. Менинг таъбиримча, Россия ҳали-бери Украинани тинч қўймайди”, - дейди Ставридис.
Адмиралга кўра, НАТО ва Россия жуда таранг муносабатда, бироқ бу совуқ урушга хос давр бошланди дегани эмас.
“Совуқ уруш пайтида олти миллион аскар юзма-юз курашга шай турган. Дунёнинг икки йирик давлатига қарашли кучлар ер, ҳаво ва денгизда мижжа қоқмаган. Атом қуролларимиз отилишга тайёр эди. 20-30 йил давомида прокси урушлар билан шуғулланганмиз, яъни бошқа можаролар орқали бир-биримизга қарши курашганмиз. Ҳозир ундай давр эмас ва ундай даврга қайтмаяпмиз ҳам”, - дейди у.
НАТО яқинлашаётган саммитида Афғонистон келажагини ҳам муҳокама қилади. Халқаро коалиция бу мамлакатни тарк этмоқда. Афғонистон ўзини эплаши учун қандай ёрдам берилади? Бу Уелсда ўтадиган йиғиндаги иккинчи энг долзарб масала.



