“Мусулмон киносининг Қозон халқаро фестивали”
Шу йил 5-11 сентябрь кунлари Татаристон пойтахтида ўнинчи “Мусулмон киносининг Қозон халқаро фестивали” бўлиб ўтади. Куни кеча Татаристон Республикаси маданият ишлари вазирининг ўринбосари Гўзал Ниғматуллина матбуот ходимлари учун уюштирилган брифингда кинофестиваль тафсилотлари билан ўртоқлашган. Унинг сўзларига кўра, тадбир дастурига жаҳоннинг 22 та мамлакатидан 50 та филм киритилган бўлиб, 10 та номинациялар бўйича ғолиблар аниқланади.
Жумладан, Туркия киноижодкорлари фестивалда “Чорраҳа” филми билан иштирок этсалар, Эрондан – “Ўтган қишда”, Беларусдан – “Беби”, Италиядан – “Бегона таначалар”, Озарбайжондан – “Қасос олинган ҳолда ўлгин”, Бразилиядан – “Сўнгги бекат” филмлари иштирок этиши айтилмоқда. Россия номидан режиссёр Александр Котт ўзининг “Синов” филми билан қатнашади.
Бу йилги фестиваль ҳакамлар хайъатининг раиси этиб туркманистонлик кинорежиссёр Хўжақули Норлиев тайинланган. Хайъат таркибига, шунингдек, туркиялик Эҳсон Қобил, татаристонлик Мансур Гилязов, озарбайжонлик Тофиқ Хусайн ўғли ҳамда кореялик киноижодкор Хонг Санг Ву киритилган.
Гўзал Ниғматуллина мазкур тадбир ҳақида гапирар экан, жумладан, шундай деб эътироф этди: “Фестивалимиз нуфузини ошириш учун машҳур киноюлдузларни ўзимиз таклиф қилган пайтлар ҳам бўлган. Бугунда эса, уларнинг ўзлари тадбирда иштирок этиш истагини билдирмоқдалар”.
Кинофестиваль ташкилотчиларининг таъкидлашича, танловда иштирок этиш учун 56 та мамлакатдан умумий ҳисобда 500 та илтимосномалар келиб тушган. Уларнинг барчаси махсус комиссия томонидан кўриб чиқилган ҳамда беҳаёлик, зўравонлик ва тажовузкорона ҳаракат ва ғояларнинг йўқ бўлиши шарти бўйича танлаб олинган.
Тадбир иштирокчилари турли ташкилотларнинг рағбатлантирувчи совғалари билан ҳам мукофотланиши назарда тутилган.



