Қўшиқчи Сами Юсуф БМТнинг Очликка қарши элчиси этиб тайинланди

Қўшиқчи Сами Юсуф БМТнинг Очликка қарши элчиси этиб тайинланди

Халқаро даражада тан олинган қўшиқчи ва бастакор Сами Юсуф шу йил 26 август куни БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг Очликка қарши умумжаҳон элчилари сафига қўшилди. Бу ҳақида БМТ Ахборот маркази хабар тарқатган.

Айтилишича, Сами Юсуф БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг ишида анчадан бери фаол қатнашиб келади. Очлик ва озиқ-овқат масалалари юзасидан у кўплаб таклифларни билдирган, имкон қадар кўмак бериб келади.
Сами Юсуф ўзининг тайинланганлиги ҳақида гапирар экан, жумладан, шундай деган: “Очлиқ ҳозирги даврда жуда ҳам аянчли ҳолатдир, зеро, жаҳон миқёсида озиқ-овқат маҳсулотлари оммавий тарзда ишлаб чиқарилмоқда. Очлиқ нафақат инсоннинг танасини, балки унинг руҳини ҳам синдиради, унинг тинчлик ва тараққиётга бўлган ишончини сўндиради... мен Очликка қарши умумжаҳон элчилари сафидан жой олар эканман, бундай фожеавий ҳолатни қўлимдан келганича яхшилашга ҳаракат қиламан”.
БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурининг маълумотларига кўра, ҳоирги кунда дунё бўйлаб 842 миллионга яқин кишилар етарли даражада овқатланиш имкониятига эга эмаслар. Энг ачинарлиси, улар орасида норасида гўдаклар ҳам кўпчиликни ташкил этади. Хусусан, жаҳон миқёсида 5 ёшгача бўлган болалар ўлимининг деярли ярми айнан очлик сабабли содир бўлмоқда.
Сами Юсуф 1980 йилда Эрон пойтахти Теҳрон шаҳрида маҳаллий озарий оилада таваллуд топган. Ота-онаси у уч ёшлигида Британия пойтахти Лондонга кўчиб келишгач, ўша ерда вояга етади. Ноёб овоз соҳиби. Қатор замонавий ва анъанавий мусиқа асбобларини чалади. Унинг “ал-Муъаллим” (“Al Mu’allim”), “Менинг умматим” (“My Ummah”), “Қаерда бўлсанг ҳам” (“Wherever you are”) мусиқий албомлари унга машҳурлик келтирган.

back to top