Қозоғистон Путин тузган иттифоқдан чиқиши мумкин

Қозоғистон Путин тузган иттифоқдан чиқиши мумкин

Агар мамлакат манфаатларига жавоб бермаса Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқидан (ЕИИ) чиқиши мумкин. Бу ҳақида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев "Хабар" телеканалига берган интервьюсида айтди, деб хабар қилади Tengri News.

Назарбоевнинг айтишича, агар шартномада кўрсатилган шартлар бажарилмаса Қозоғистоннинг ЕИИдан чиқиш ҳуқуқи бор. "Мен олдинлари ҳам бу ҳақида айтганман, ҳозир ҳам шуни айтаман", деди у. "Қозоғистон мамлакат мустақиллигига таҳдид соладиган ташкилот таркибида бўлмайди", деб таъкидлади у. "Ота-боболаримиз курашган энг катта бойлигимиз - бизнинг мустақиллигимиздир", деди Назарбоев. Унинг мамлакати "ҳеч қачон ўз мустақиллигини бой бермаслиги" ҳамда "уни ҳимоя қилиш учун барча имкониятларни ишга солишини" ҳам таъкидлаб ўтди. 

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия президенти Владимир Путин Қозоғистон ҳеч қачон давлат бўлмагани ҳақида айтган эди. Мутахассисларнинг фикрича, Украинадан сўнг Россия Қозоғистонга ҳудудий даво билан чиқиб, уруш бошлаши мумкин.

back to top