Саудия ҳаж ишлари вазири: “Ҳаж сиёсатдан ҳолидир”
Ҳисоб-китобларга кўра, бу йилги ҳаж амалларини 1,9 миллион киши бажариши кутилмоқда. Бу ҳақида Саудия Арабистонининг Ҳаж ишлари вазирлиги маълум қилган. Бўлғуси ҳожилар муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиш учун 180 дан ортиқ мамлакатлардан келишади.
Ҳаж ишлари вазири доктор Бандар Ҳажжарнинг айтишича, Подшоҳлик томонидан бу йилги ҳаж мавсумини осийишта ва тартибли ўтказиш учун махсус режа ва дастурлар ишлаб чиқилган. Бунда давлат идоралари ва хусусий сектор вакилларининг фаол иштирок этиши белгиланган.
Вазирнинг таъкидлашича, ҳаж зиёратини тўлақонли ва муваффақиятли амалга оширишда бўлғуси ҳожиларни Саудия Арабистонига келишларидан аввал тайёрлаш ва уларга бу борада зарурий кўрсатмалар бериш муҳим аҳамият касб этади.
Доктор Ҳажжар “ҳаж сиёсатдан ҳолидир”, деб урғу берган. Унинг айтишича, зиёратчилар Аллоҳ буюрган амалларини тинчлик-хотиржамликда ўтказишга ҳақлидирлар. Саудия давлати уларнинг ҳар бирига енгиллик, қулайлик ва ҳар томонлама хавфсизликни таъминлашга масъул. Бунинг учун бу йилги мавсумда ахборот-коммуникация технологияларидан ҳам кенг фойдаланиш назарда тутилган.
Бандар Ҳажжар ҳаж ва умра визалари бепул берилишини яна бир бор эслатиб ўтаркан, Саудия давлат идоралари томонидан Аллоҳ меҳмонларига кўрсатиладиган турли хизматлар учун ҳақ ундирилмаслигини таъкидлаган. Хабар берилишича, зарурат туғилганда, меҳмонлар Зиёратчилар алоқа марказига (тел.: 19998) мурожаат қилишлари, ёҳуд Ҳаж ишлари вазирлигининг www.haj.gov.sa веб-саҳифаси орқали ўзларини қизиқтираётган саволларга жавоб олишлари мумкин.



