Карачи аҳолиси: “Ҳеч бўлмаганда, бир ҳафтада бир марта сув беринг!”

Карачи аҳолиси: “Ҳеч бўлмаганда, бир ҳафтада бир марта сув беринг!”

Покистондаги энг йирик шаҳар бўлмиш Карачи аҳолиси шу кунларда сувсизликдан жиддий тарзда азият чекаётганлиги хабар қилинмоқда. Шаҳар четида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари кўчаларда резина ашёларини ёқиб, тартибсизликлар қилмоқда. Уларнинг талаби бўйича, аҳолига ичимлик суви, ҳеч бўлмаганда, бир ҳафтада бир маротаба берилиши керак.

Айтилишича, Карачи аҳолисининг кўп қисми машиналарда ташиб келтириладиган сувни истеъмол қилади. Бундан ташқари, сув танқислиги сабабли, ерости шўр сувларидан ҳам фойдаланишга мажбур бўлмоқда. Мамлакат жанубида кузатилаётган қурғоқчилик эса вазиятни янада кескинлаштирган.
Ўн саккиз миллион аҳоли истиқомат қиладиган шаҳарнинг сув таъминоти сўнгги йилларда жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Норозилик кайфиятидаги кишиларнинг билдиришича, ўтган уч ой мобайнида ичимлик суви қатор мавзеларга умуман келтирилмаган. Жумладан, аҳоли вакилларидан бири шундай деган: “Кўчага чиқиб норозилик намойишларини уюштириш бизнинг кайфиятимизни кўтармайди, бироқ бизда бошқа чора қолмади”.
Карачи шаҳрини сув билан таъминлаш идораси мутасаддиларининг тушунтиришича, шаҳар асосан Индус дарёсидан сув ичади. Бунинг учун дарёдан кунига 550 миллион галлон, Ҳуб сув омборидан эса қўшимча яна 100 миллион галлон сув олинади. Бироқ, қурғоқчилик шаҳар сув таъминотига салбий таъсир ўтказмоқда. Бунинг натижасида, зарурий сувнинг атиги ярмини етказиб бера олиш имконияти бўлмоқда, холос.
Хабар қилинишича, аҳолига машиналарда сув етказиб бериш “бизнеси” ҳозирги кунларда жуда даромадли соҳага айланган. Ҳатто, бу ишда наркобизнес вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Шаҳар сув таъминотини яхшилаш учун бир қатор тадбирлар амалга оширилиши режалаштирилган бўлса-да, уларни амалга ошириш учун вақт керак бўлади. Масалан, Индус дарёсидан қўшимча канал қазиб келтириш учун камида 4 йил кетиши айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Карачи Покистондаги энг йирик шаҳар бўлиб, мамлакатнинг молиявий маркази ва асосий денгиз бандаргоҳи ҳисобланади. У Покистоннинг биринчи пойтахти ҳам бўлган. Аҳоли сони бўйича Карачи жаҳондаги учинчи энг йирик аҳоли пункти ҳисобланади. Айрим манбаларда шаҳар аҳолиси 2013 йил якунлари бўйича 23,5 миллион киши экани кўрсатилган.

back to top