Пекин хан миллати вакиллари билан турмуш қурганларга катта пул ваъда қилмоқда

Пекин хан миллати вакиллари билан турмуш қурганларга катта пул ваъда қилмоқда

Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном туманида хан миллати вакили билан турмуш қурган уйғурларга 1,6 минг доллар берилади

Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном туманида мамлакатдаги бош миллат — хан миллати вакиллари билан оила қурган уйғурларга 10 минг юан (1,62 минг доллардан кўпроқ) миқдорида маблағ берилади. Бу ҳақда маҳаллий ҳукумат ўзининг расмий сайтида эълон қилди, деб хабар бермоқда South China Morning Postга таяниб.

Нашрда қайд этилишича, Хитой ҳукумати икки миллат ўртасида никоҳни қўллаб-қувватлаш орқали Шинжон-Уйғур автоном туманидаги зиддиятларни йўқотиш ва ўзаро алоқаларни яхшилашни мақсад қилган.

Маълумотларга кўра, уйғурлар истиқомат қиладиган мазкур ҳудуд учун 10 минг юан катта пул ҳисобланади. Негаки, туман аҳолисининг ўртача йиллик даромади киши бошига 7,5 минг юан (1,2 минг доллардан кўпроқ)ни ташкил этади.

Турмуш қурган икки миллат вакилларига “ўзаро уйғунликда” ҳаёт кечирган ҳар бир йил учун ҳам 50 минг юан (8000 доллардан зиёд) маблағ тўланади. Уларнинг фарзандлари эса мактабгача таълим муассасалари ва ўрта мактабга бепул қатнаш имкониятига эга бўлади. Шунингдек, икки миллат вакилларининг фарзандлари олий таълим муассасаларига ҳужжат топширганида, оила учун 5000 юан (814 доллар)га тенг грант ажратилади. Бири хан, бири уйғур миллатига мансуб эр-хотинга соғлиқни сақлаш учун ҳам ёрдам пули ажратилади.

Мазкур қонун август ойининг бошида эълон қилинганига қарамай, ҳозирга қадар бирорта ҳам хан-уйғур никоҳи қайд этилмади. Нашрда маълум қилинишича, ҳозирда хан-уйғур оилалари сони жами 54 тани ташкил этмоқда. Бундан ташқари, мазкур икки миллат вакилларининг ўзаро никоҳи кўп ҳолларда ажралиш билан тугамоқда.

back to top