Шариатга асосланган ўрмон бошқаруви
Индонезиянинг Ачеҳ провинциясида Шариат қоида-талабларига асосланган “Ўрмон бошқаруви қўлланмаси” нашр этилди. Ундан, жумладан, Суматра оролидаги ўрмон бошқарувини амалга оширишда фойдаланиш режалаштирилган.
Ачеҳ Анъана кенгашининг раиси Бадр уз-Замон бу ҳақида эълон қиларкан, жумладан шундай деган: “Қўлланмада атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, хусусан, ўрмон бошқарувини амалга ошириш масалалари Ислом дийни ва анъанавий қоидалар нуқтаи назаридан очиб берилган... Муқаддас Қуръон ва муборак ҳадисларда ҳаёт мувозанати, Аллоҳ таоло яратган маҳлуқотлар орасидаги муносабатлар кенг ёритилган, бу борада қатор қонун-қоидалар ўрнатилган... Нима мумкин ва нима мумкин эмаслиги баён этилган...”.
Провинция расмий вакилларининг сўзларига кўра, Суматра оролида ўрмонларни сақлаб қолиш, уларни самарали бошқариш масалалари ҳозирги кунда жуда долзарб бўлиб турибди. Ҳудуддаги ўрмон майдонларининг қисқариб бораётганлиги атроф-муҳиятга ва инсон саломатлигига салбий таъсир этмоқда. Шунинг учун, нафақат Ачеҳда, балки Индонезиянинг бошқа ҳудудларида ҳам ўрмон бошқарувини самарали олиб боришни замоннинг ўзи талаб қилмоқда.



