“Қозоғистон-Форс кўрфази” темир йўли очилишига оз қолди
Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг маълум қилишича, ҳозирда якуний тайёрлаш ишлари кетаётган “Қозоғистон-Туркманистон-Эрон-Форс кўрфази” темир йўли шу йилнинг ноябрь ойида ишга туширилади.
Президент Назарбоев Остонадаги “Оқ Ўрда” қароргоҳида Эрон Ислом Республикаси президенти Ҳасан Руҳонийни қабул қилар экан, жумладан, шундай деган: “Биз икки томонлама алоқалар бўйича аниқ келишувларга эришдик, айниқса, Каспий денгизида қураётган терминалларимиз ҳақида гаплашдик. “Қозоғистон-Туркманистон-Эрон-Форс кўрфази” темир йўлининг ишга туширилиши биздаги озиқ-овқат буғдойи савдосини беш карра кўпайтириш имкониятини беради. Яъни, ҳозирда ушбу кўрсаткич 500 минг тоннани ташкил этаётган бўлса, кейин у 2,5 миллион тоннага етади. (Мазкур) темир йўл 10 миллион тонна юк ташиш имкониятини беради”.
Қозоғистон раҳбарининг эътироф этишича, бу йўлдан Эрон Россия ва Хитой давлатларига, Қозоғистон эса Форс кўрфази атрофида жойлашган мамлакатларга чиқиш имкониятига эга бўлади.



