Филипинда мусулмон автоном ўлкаси ташкил этилиши мумкин
Филипин президенти Бениньо Акино мамлакат парламентига мусулмон автоном ўлкасини ташкил этиш тўғрисида таклиф киритди ва мазкур масалани имкон қадар тез кўриб чиқишларини сўради. Хабар қилинишича, автоном ўлкани Филиппиннинг Минданао оролида ташкил этиш назарда тутилган бўлиб, унга Бангсаморо деб ном берилиши кутилмоқда.
Филипинда истиқомат қилаётган мусулмонлар ва уларнинг етакчилари салкам эллик йилдан бери автономияга эришиш йўлида курашаётган эдилар. Шу йил март ойида Филипин расмийлари ва автономия учун курашиб келаётган “Моро” фронти ўртасида тинчлик битими имзоланган.
Ислом дийни Филипинга XIV асрда етиб келган бўлиб, бугунги кунда мамлакат умумий аҳолиси (100 миллиондан ортиқ)нинг деярли 10 фоизи мусулмон ҳисобланади. Улар мамлакатнинг асосан жанубий қисмидаги оролларида истиқомат қилишади.



