Ашраф Ғани – Афғонистоннинг янги президенти

Ашраф Ғани – Афғонистоннинг янги президенти

Куни кеча Афғонистон сайлов комиссияси шу йил июнь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида Ашраф Ғани ғолиб бўлганлигини эълон қилди. Мазкур қарор Ашраф Ғани ва Абдуллоҳ Абдуллоҳ тарафдорлари ўзаро муроса келишувига эришганларидан кейин маълум қилинган.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида бўлиб ўтган президентлик сайловида ушбу иккала номзод бирин-кетин ўз ғалабасини эълон қилганди ва, шу сабабли, мамлакат сиёсий саҳнасидаги вазият анча таранглашганди.
Муроса келишувига биноан, мамлакатнинг собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ бош вазир лавозимига ўхшаш бўлган ва янги жорий этилган ҳукумат бош ижрочиси лавозимини эгаллайди.
Афғонистон сайлов комиссияси келтирган рақамларга кўра, Ашраф Ғани сайловчилар умумий овозининг 56 фоизини тўплаган. Шундай бўлса-да, Сайлов комиссияси ва қатор халқаро ташкилотлар сайлов жараёнида қоидаларни қўпол тарзда бузиш ҳолатлари қайд этилганини қайд этишган.
Хабарларда Ашраф Ғани илгари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Жаҳон Банки тизимида фаолият олиб борганлиги ҳамда Афғонистонда юқори нуфузга эга бўлган пуштун қавмларидан бирига мансуб эканлиги айтилмоқда.
Ашраф Ғани Афғонистоннинг янги президенти сифатида шу йил 29 сентябрь куни қасамёд қилиши режалаштирилган.

back to top