Жидда шаҳрида дунёдаги энг баланд флагшток очилди

Жидда шаҳрида дунёдаги энг баланд флагшток очилди

Саудия Арабистонининг Жидда шаҳрида 23 сентябрь – мамлакат “Миллий куни” муносабати билан дунёдаги энг баланд флагшток очилди.
Флагштокнинг умумий узунлиги 170 метр бўлиб, унинг юқори қисмига ўрнатилган Саудия Арабистони байроғининг узунлиги – 49,5 метр, эни – 33 метр ва оғирлиги – 570 кг. эканлиги айтилмоқда.

Хабар қилинишича, мазкур лойиҳани амалга ошириш учун 12 ой сарфланди. Флагштокнинг ўзига салкам 500 тонна пўлат ишлатилди. У замонавий муҳандислик ечимлари билан таъминланган ва янги барпо этилган “Икки муқаддас масжид ходими” номидаги майдон марказига ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, шу кунга қадар дунёдаги энг баланд флагшток мақоми Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳридаги флагштокка тегишли эди. Унинг умумий баландлиги 165 метр бўлиб, ундаги байроқнинг вазни 700 кг.ни ташкил этади. Душанбедаги флагшток Озарбайжон пойтахти Боку шаҳридаги флагштокдан 3 метр баландроқ қилиб қурилгани боис, “энг баланд” эстафетасини ундан олиб қўйган эди.
Бундан ташқари, дунёдаги баланд флагштоклар қаторига Шимолий Кореядаги 160 метр баландликка эга бўлган Панмунжеом флагштокини ҳамда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳридаги 133 метрли флагштокни ҳам киритиш мумкин.

back to top