ФИФА расмийси: “Қатар футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмайди”
Куни кеча халқаро футбол федерацияси уюшмаси – ФИФА Ижрочи қўмитасининг аъзоси Тео Цванцигер Қатар футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатига мезбонлик қилмаслигини айтди. Жумладан, бу ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашар экан, ФИФА расмийси шундай деган: “Шахсий фикримча, охир оқибат, футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати Қатарда ўтказилмайди”.
ФИФА расмий вакилининг бундай ёндашуви Қатарда бир қатор эътирозларга сабаб бўлди. Қатар расмийларининг таъкидлашича, ёз мавсумида ўтказиладиган жаҳон чемпионатида ҳавони совутиш технологияларидан кенг фойдаланиш режалаштирилган. Хусусан, совутиш тизимлари футбол стадионлари, тайёргарлик майдонлари, ишқибозлар зоналарига ўрнатилади.
Бироқ, шундай бўлса-да, қатор оммавий ахборот воситаларида футболчилар ва жаҳоннинг турли мамлакатларидан келадиган минглаб ўйин ишқибозлари Қатардаги иқлимдан азият чекиши мумкинлиги анчадан бери “айлантирилмоқда”.
Шу йил май ойида ФИФА президенти Зепп Блаттер ҳам футбол бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиш ҳуқуқининг Қатарга берилганини “хато” деб атаб, ушбу чемпионатни ўтказиш вақти Европа қиш мавсумига мослаштирилиши эҳтимоли ҳақида тўхталиб ўтганди.
Эслатиб ўтамиз, футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатини Қатарда ўтказиш қарори ФИФА томонидан 2010 йилда қабул қилинган бўлиб, ўшандан бери мазкур қарорнинг тўғрилиги борасида турли фикр-мулоҳазалар илгари суриб келинмоқда. Ушбу қарор билан боғлиқ турли можаролар ҳам оммавий ахборот воситаларининг назаридан четда қолмаган.



