Икки миллиондан ортиқ киши ҳаж амалларини бажарди
Сўнгги рақамларга кўра, жорий 1435 ҳижрий (2014 милодий) йилда 2 миллион 85 минг 238 киши ҳаж амалларини бажармоқда. Шулардан 1 миллион 389 минг 53 киши Саудия Арабистонига хорижий мамлакатлардан келганлиги хабар қилинмоқда.
Бу йилги зиёратчилар 164 та мамлакат вакиллари бўлиб, уларнинг 55 фоизини эркаклар ва қолган 45 фоизини аёллар ташкил этмоқда. Ҳаж амалларини бажариш учун келган мусулмонларнинг сони бу йили ўтган йилга нисбатан 0,6 фоизга ёки 8545 кишига ортган. Жорий йилда қатор давлат раҳбарлари ва олий мансабдор шахслар ҳам ҳаж амалларини бажармоқдалар. Жумладан, улар орасида Судан, Бангладеш, Ҳабашистон, Мальдив президентлари, Покистон сенатининг раиси ва бошқалар бор.



