Нобел тинчлик мукофоти совриндорлари – Кайлаш Сатярти ва Малала Юсуфзой

Нобел тинчлик мукофоти совриндорлари – Кайлаш Сатярти ва Малала Юсуфзой

2014-йилги Нобел учун тинчлик мукофоти совриндорлари аниқланди - глобал миқёсда илм элчисига айланган Малала Юсуфзой ҳамда болалар ҳуқуқлари ҳимоячиси Кайлаш Сатярти.
Нобел қўмитаси раиси Торбёрн Ягланд дейдики, покистонлик ўқувчи ва ҳиндистонлик мутахассис ёшлар ва болалар таҳқирланишига қарши мардона курашиб, уларни билим олишга даъват этгани учун юксак мукофотга лойиқ.

Унинг айтишича, ҳинду ва мусулмон, икки эътиқод вакили биргалашиб таълим олиш ҳуқуқи учун ва экстремизмга қарши бир ёқадан бош чиқаргани чуқур аҳамиятга эга.  
Малала Юсуфзой Покистонда хотин-қизларни эркаклар билан тенг коришни талаб қилгани учун 2012-йилда Толибон томонидан отиб кетилган.
Жароҳатларидан тузалиб, у курашни давом эттираяпти. 17 ёшида Малала Нобел унвонини қўлга киритган энг ёш фаол. Ўқувчи қиз ҳозир Британияда яшаяпти.
Мукофотга муносиб топилгани ҳақида дарсда ўтирганида хабар топган Малала бу улуғ соврин учун бутун дунё халқига миннатдорчилик билдирмоқда. 
"Билим олиш ҳар бир боланинг узвий ҳуқуқи экан, уни талаб қилишда давом этамиз", - дейди у, жаҳон бўйлаб ёш авлоднинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳурмат қилинишига ундар экан.
Покистон ва бошқа кўплаб давлатларда мактабга бориш ҳар бир болага ҳам насиб этмайди. Айниқса қизлар ўқитилмайди, ваҳоланки, ҳар бир инсон саводли бўлишга ҳақли.
Кайлаш Сатярти Ҳиндистонда тинч намойишлар уюштириб, болаларни тижорий мақсадда эксплуатация қилиш, мажбурий меҳнат ва замонавий қулчилик муммоларига эътибор қаратиб келади.
Сатяртининг касби муҳандис лекин атрофда болалар қанчалик хўрланаётганига чидаб туролмаган мутахассис жамғармага асос солиб, хайрия орқали тушган пулни ёш авлод ҳаётини яхшилашга сарфлаб келади. Шу кунгача миллионлаб болаларнинг ағволи яхшиланди, улар ўз йўлини топиб кетиши учун ёрдам кўрсатилди.
Бугун Сатяртининг ташкилоти бу борада глобал миқёсда ишлайдиган ноҳукумат ва нотижорий тизимларнинг бир қисми. Гўдакликдан бошлаб мактабгача, мактабдан эса олийгоҳгача кўмаклашиш - Сатярти раҳбарлигидаги "Бачпан Бачао Андолан" (Болаликни асранг) ташкилотининг асосий мақсади. 
Нобел учун тинчлик мукофотини топшириш маросими шу йилнинг декабрида Норвегия пойтахти Ослода болиб ўтади.

back to top