Халқаро Амнистия: Шиа жангарилари сунний аҳолини нишонга олмоқда
"Халқаро Амнистия" ташкилоти чиқарган янги ҳисоботга кўра, Ироқдаги шиа жангарилари сунний тинч аҳолига қарши одам ўғирлаш, қийноқ ва қатл этиш жиноятларини қўлламоқда. Улар бу ишларни "Исломий давлат" сунний жангари гуруҳи содир этган қабиҳликларга жавобан амалга ошираётганини даъъво қилади. Кузатувчилар мамлакатда мазҳаблараро зиддият янада кучайишидан хавотирда.
Ўзини "Маҳдий армияси" деб атовчи шиа гуруҳи ўтган ой Тикритда "Исломий давлат"га қарши ўтган жангларда курд ва Ироқ аскарлари сафида туриб кураш олиб борди.
Аммо шиа жангарилари тинч аҳоли вакилларини ўғирлаш, қийноққа солиш ва қатл этиш каби жиноятларга қўл урмоқда, дея хабар беради "Халқаро Амнистия" ташкилоти.
"Исломий давлат" содир этган жиноятлар учун сунний эркаклардан қасос олинмоқда. Барча суннийларни жангари гуруҳ тарафдори сифатида кўришмоқда", - дейди гуруҳ расмийси Донателла Ровера.
"Халқаро Амнистия" маълумотига кўра, шиалар Бағдод, Самарра ва Киркук шаҳарларида ўнлаб суннийларни қатл этган. Бир неча шаҳарларда қўллари кишанланган ва бошининг орқасидан отилган юзлаб жасадлар топилган.
Июн ойида "Исломий давлат" кўплаб ҳудудларни қўлга киритганидан бери шиа жангарилари ҳам кучайиб кетди, дейди Ровера.
"Ҳукумат ҳеч нарса қилмади. Армия мамлакат шимолидаги бутун бошли аҳолини ўз ҳолига ташлаб кетди. Аксинча, шиа жангари гуруҳларини қуролланишга, "Исломий давлат"га қарши курашишга даъват қилди", - дейди халқаро кузатувчи.
Ироқнинг янги Бош вазири Ҳайдар ал-Абадий мазҳаблараро низоларга чек қўйишга ваъда берган. Кўплаб таҳлилчилар сунний ва шиалар ўртасидаги ихтилофнинг кучайишида собиқ ҳукумат раҳбари Нури ал-Маликийни айблайди.
БМТ ҳисоб-китобига кўра, ўтган ойнинг ўзида 1000 дан ортиқ одам мазҳаблараро тўқнашувлар қурбони бўлган.
"Исломий давлат"нинг ваҳшийлиги ҳамда шиа гуруҳларининг жавоб чоралари Ироқда ўта хавфли вазиятни юзага чиқармоқда, дейди Донателла Ровера.
"Маҳзаблараро зиддият 2006-2007-йилларда кузатилган энг юқори даражага чиқди", - дейди у.
Бундан ўн йиллар олдин шиа-сунний ихтилофи кучайган пайтда диний уламолар вазиятни ўз нарозатлари остига олган эди, дейди қироллик Бирлашган хизматлар институти тадқиқотчиси Афзал Ашраф.
"Шиа жамиятининг диний етакчиси Оятулла Систоний исён қилмаслик, аксинча, сайлов орқали қокимиятга келиш шиаларнинг, хусусан, Ироқнинг манфаатларига хизмат қилишини айтиб, гуруҳларни тинчлантиришга муваффақ бўлган эди", - дейди у.
"Исломий давлат" жангарилари шимолий Ироқ ва Суриядаги ҳужумларини давом эттирар экан, таҳлилчилар уларни минтақа беқарорлигининг энг асосий сабабчиси сифатида кўрмоқда. Аммо мазҳаблараро зиддият Ироқ келажагини таҳдид остига қўювчи узоқ йиллик муаммога айланиши мумкин, дейди улар.



